Юртимизда яшил масканларни кўпайтириш, кўчат экиш ва экологияни яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, атроф-муҳит мусаффолиги ва инсон саломатлигида яшилликнинг ўрни беқиёс.
Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги «Зиёнур» МФЙ ҳудудида «Яшил шаҳар» лойиҳаси доирасида умуммиллий кўчат экиш акциясига старт берилди.
Мазкур акцияда туман ҳокими бошчилигида Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва Миробод тумани Кенгашига сайланган депутатлар, тумандаги барча маҳалла еттилиги, корхона, ташкилотларлар ҳамда фаол фуқаролар иштирок этди. Ҳудудга мингга яқин дарахт кўчатлари экилди.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, олимлар кузда кўчат ўтқазиш баҳордагидан кўра қулайроқ, самаралироқ эканини айтишади. Чунки, бу давр узоқроқ давом этади. Кузда ўтқазилган кўчатларнинг илдизида қиш давомида каллюслар пайдо бўлади. Улар баҳорда яхши тутиб, тезроқ ўса бошлайди.
Шунингдек, мутахассислар қиш илиқ келиб, ҳарорат 0ºC дан юқори бўлган, ер музламаган бўлса, қишда ҳам кўчат ўтқазиш мумкинлигини тавсия қилишади.
М.Комилова,
ЎзА