Пойтахтимизда IX халқаро уруғчилик конгресси ўтказилмоқда
Бугун Тошкент шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти уруғчилик ассоциацияси (ECOSA)нинг IX халқаро уруғчилик конгресси ўз ишини бошлади.
“InterContinental Tashkent” меҳмонхонасида ўтказилаётган халқаро анжуман уруғчилик соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, мамлакатлар ўртасида тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
Конгресснинг биринчи кунида Афғонистон, Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Покистон, Тожикистон, Туркия ва Туркманистон вакиллари “Уруғчилик секторининг ҳозирги ҳолати ва имкониятлари” мавзусида тақдимотлар ўтказмоқда.
Шунингдек, Халқаро уруғлик синовлари ассоциацияси (ISTA) фаолияти, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) дастурлари ҳамда уларнинг аъзо мамлакатлар учун аҳамияти кўриб чиқилмоқда.
[gallery-https://uza.uz/uz/collection/32188]
Эртага бизнес вакиллари ўртасида B2B учрашувлари ўтказилиши режалаштирилган. Таъкидланишича, ушбу йиғин уруғчилик савдосини ривожлантириш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва соҳадаги ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суриш учун имконият яратади.
Конгресс уруғчилик соҳасидаги халқаро тажрибани ўрганиш, профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш ва юртимизнинг халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Мусулмон Зиё,
Сарвар Ўрмонов (сурат),
ЎзА