Пойтахтимизда дунё гимнастикачилари жам бўлади
Сўнгги йилларда мамлакатимизда бадиий гимнастика ва спорт гимнастикасига қаратилаётган улкан эътибор самарасида ушбу спорт тури ёшлар орасида жадал оммалашмоқда. Натижада эса дунё ареналарида юрт шарафини ҳимоя қилишдек улкан шарафга эга бўлган иқтидорли гимнастикачилар сафи тобора кенгаймоқда.
Мазкур спорт турини аҳоли ўртасида янада оммалаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги Гимнастика бўйича Республика марказий ўқув-спорт мактабида гимнастика спорт турлари бўйича қатор нуфузли халқаро мусобақалар ўтказилади.
Жумладан, 4-6 апрель кунлари бадиий гимнастика бўйича “Ёрқин юлдузча” халқаро турнири бўлиб ўтса, 7–13 апрелда бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи ташкил этилади.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, “Ёрқин юлдузча” халқаро турнирида Ўзбекистон, Германия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Мўғулистон, Тожикистон, Таиланд, Қирғизистон каби давлатлардан келган спортчилар иштирок этади.
Жаҳон кубоги босқичида эса Ўзбекистон, Арманистон, Австралия, Озарбайжон, Бельгия, Бразилия, Болгария, Венгрия, Венесуэла, Германия, Миср, Исроил, Ҳиндистон, Италия, Канада, Қозоғистон, Кипр, Хитой, Қирғизистон, Латвия, Литва, Люксембург, Малайзия, Мексика, Молдова, Португалия, Руминия, Сингапур, Сурия, АҚШ, Туркия, Филиппин, Финляндия, Черногория, Чехия Республикаси, Швейцария, Эстония, Жанубий Корея ва Япония ҳамда нейтрал мақомдаги AIN1, AIN2 давлат терма жамоалари аъзолари иштирок этади.
Дарвоқе, жорий йилги мавсумда гимнастика спорт турлари бўйича пойтахтимиз қуйидаги мусобақаларга мезбонлик қилади:
– 2026 йил 19–25 май кунлари спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубоги;
– 2026 йил 15–20 сентябрь кунлари бадиий гимнастика бўйича “Гран-при Ўзбекистон”;
– 2026 йил 16–23 ноябрь кунлари спорт гимнастикаси бўйича “Духоба йўл” халқаро турнири;
– 2026 йил 1–6 декабрь кунлари трамплин бўйича “Самодан баланд” халқаро мусобақаси.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА