Пойтахтда хонадон ижараси нархлари қандай?
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари Тошкент шаҳрида хонадонлар учун таклиф этилаётган ижара нархларидаги ўзгаришларни ўрганди.
2022 йилнинг декабрь ойи таҳлили натижаларида хонадонлар учун ўртача ижара нархи ноябрь ойидагига нисбатан ошгани, лекин ошиш суръати секинлашганини кўрсатган. Хусусан, ноябрда нархлар октябрь ойидагига қараганда 4,4 фоизга тушган, аммо декабрда 3,5 ошга ошган.
Шунингдек, нархлар Шайхонтоҳур (10,6%), Миробод (3,5%), Юнусобод (3,3%), туманларида ошган. Бошқа туманларда эса пасайиш кузатилган. "Ойбек", "Тошкент", "Минор", "Буюк Ипак йўли" метро бекатлари атрофида ва Нукус кўчаси бўйлаб жойлашган, яхши таъмирланган хонадонлар учун 1000 АҚШ долларидан юқори ижара нархлари таклиф қилинмоқда. Чилонзор ва Юнусобод туманларида ижара нархлари нисбатан пастроқ, аниқроғи таъмирланган хонадонлар учун асосан 400-600 АҚШ долларни ташкил этмоқда.
Ўртача таъмирланган хонадонлар таклифи нисбатан камроқ бўлиб, улар асосан Чилонзор ва Юнусобод туманларида, шунингдек, Мирзо Улуғбек шоҳ кўчаси бўйлаб таклиф этилмоқда. Бу ердаги хонадонларнинг ижара нархи асосан 300-800 АҚШ долларини ташкил этади.
Таъкидлаш керакки, ижарага бериладиган қиммат сегментдаги хонадонлар одатда вақтинчалик ишлаш мақсадида келаётган чет эл фуқароларига таклиф этилаяпти ва улар қулай инфратузилмага эга, транспорт қатнови яхши ва озиқ-овқат дўконлари яқин бўлган ҳудудларда жойлашган.
Нисбатан арзон сегментдаги хонадонларнинг кўп эмаслиги ва асосан иккита туманда таклиф этилаётгани ижара бозорини ривожлантириш зарурати борлигини яна бир бор кўрсатади, дейилади таҳлилда.
ЎзА