4-6 ноябрь кунлари “Ўзэкспомарказ”да соғлиқни сақлаш соҳасидаги куз мавсумининг муҳим воқеаси - “UzMedExpo-2025” халқаро тиббиёт кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Мазкур намойишлар тиббиёт тизимига инновацияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорлик учун стратегик платформа ҳисобланади. Жорий йилнинг бошида Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони имзоланган эди. Ушбу ҳужжат шунингдек ижтимоий сиёсатнинг таркибий қисми сифатида соғлиқни сақлаш йўналишини ҳам қамраб олади.
Маълумки, тиббиёт соҳаси давлат ҳаражатлари таркибида ҳам юқори ўринларни банд этган. Шу боис инсон саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган юқори даражадаги эътибор кўргазма руҳида ҳам сезилиб турди. Бу ерда барча маҳсулотлар сўнгги турдаги технологиялар, тиббиёт соҳасининг энг мақбул ва янги ечимларини қамраб олган, беморлар ва шифокорларнинг ишини енгиллаштириш мақсадларига йўғрилган ноу-хаулардир.
- Биз беморларга нафас олишга ёрдам берувчи тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқарамиз, - дейди “Chirana Azia” миллий ишлаб чиқариш ва сервис хизматларини кўрсатиш компанияси бош директори Пан Александр. - Бугунги кунда кўргазмага ЭКГ, мониторлар ва бошқа аппаратуралар тақдим этганмиз. Жами йил давомида 150 дона турли хил соҳа учун зарур ускуналар тайёрлаймиз. Улардан 30 % локализация қилинган. Биз тайёрлаган маҳсулот хорижникидан анча арзон. Шу билан бирга Европа стандартларига тўғри келади. Йилнинг охирига қадар яна янги тиббиёт қурилмаларини ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Ҳар йили 18 тагача халқаро кўргазмаларда иштирок этамиз. Бугунги кўргазмадан мақсад мутахассисларга, мижозларга Ўзбекистонда шундай юқори технологик ускуналарни ишлаб чиқариш корхонаси борлигини намойиш этиш.
Экспозицияда тиббиёт ва саломатлик учун энг янги технологиялар ва ускуналар, фармацевтика ишланмалари, сарфлама материаллар, IТ-ечимлар ва замонавий сервислар тақдим этилди.
- Ds.Med тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқариш компанияси Россия бозорида 10 йилдан буён фаолият юритиб келади, - дейди компаниянинг техник раҳбари Олег Крупкин. – Шундан 4 йили тиббий ускуналар ишлаб чиқаришга сарфланди. Ушбу қурилмалар ёрдамида ҳар қандай шароитда аниқ рентген ташхисларини қўйиш мумкин. Хирургик операциялардан тортиб, эндоскопик, лапроскопик амалиётларгача ускуналаримизнинг юқори аниқликдаги имкониятларидан кенг фойдаланса бўлади. Бу ерга лор комбайнларини ҳам олиб келганмиз ва бошқа тиббиётда ишлатиладиган кўплаб зарур қурилмаларни кўргазмага тақдим қилганмиз. Бизни маҳсулотларимизга соҳа мутахасисларида қизиқиш юқори бўлди ва келгусида жуда катта миқдорда буюртмалар олиш имконига эга бўлдик.
Бундан ташқари “UzMedExpo-2025” ватанимиз ишлаб чиқарувчиларининг олға силжишига ва хориж компаниялари учун имкониятларни кенгайтиришга ёрдам беради. Жорий йилда унда Беларусь, Эрон, Корея Республикаси, Покистон, Россия, Туркия, Япония, Хитой давлатларидан 80 га яқин компания иштирок этмоқда.
Кўргазмада асосан шифохона ва клиникалар учун тиббий ва ташхислаш ускуналари, фармацевтика, стоматология, офтальмология ва неврология, ортопедия ва реабилитация, тиббий туризм, хизматлар, гўзаллик ва саломатлик каби йўналишлар устуворлик касб этди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8LAMwiNAHSg" title="Poytaxtda “UzMedExpo-2025” xalqaro ko‘rgazmasi ish boshladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА