Пойтахтда метро энг фаол транспорт воситаларидан бирига айланган
Метрополитен замонавий шаҳар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Айниқса, йирик шаҳарларда аҳоли сони ва транспорт ҳаракати ошиб бораётган бир пайтда метро тезкор, хавфсиз ва қулай жамоат транспорти сифатида муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда метро инфратузилмасини кенгайтириш, янги бекатларни ишга тушириш ва аҳолига янада қулай шароит яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-март ойларида метрополитен орқали жами 76,6 млн. нафар йўловчи ташилган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 9,1 фоизга ошган.

Мутахассисларнинг фикрича, метро хизматларига бўлган талабнинг ортиши шаҳарларда жамоат транспорти инфратузилмаси ривожланаётгани, янги йўналишлар ишга туширилаётгани ҳамда аҳоли учун қулай ва тезкор транспорт тизими шаклланаётганини кўрсатади.
Хусусан, пойтахтда метро тармоқларининг кенгайиши кунлик қатновни енгиллаштириб, тирбандликларни камайтириш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА