Пойтахт ёшлари билан очиқ мулоқот
Заковат аренада Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамкорлигида “Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида пойтахт ёшлари ва соҳа мутахассислари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Бугунги кунда ёшларни қийнаб келаётган муаммо ва саволлар, кенг омма муҳокамасига сабаб бўлаётган мавзулар, уларнинг ечими бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида мутахассислар томонидан маълумотлар берилди. Ёшларнинг таклиф ҳамда мулоҳазалари тингланди.

Хусусан, “Коррупция – тараққиёт кушандаси”, “Ёшлар радикализмга қарши”, “Гиёҳвандлик – аср вабоси” ва “Ёшлар жиноятчилиги” мавзуларида соҳанинг мутасадди ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида мутахассисларнинг ахборотлари тингланди.

Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида коррупциянинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллар, уларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Ёшлар онгига умумэътироф этилган анъаналарга бутунлай зид бўлган ғоя ва ҳаракатларни сингдиришга қаратилган ҳар қандай хуружларга қарши курашиш ҳамда бугунги кунда ёшларга бўлаётган таҳдидлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши кураш, уларни келтириб чиқарувчи сабаблар, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА