Пойтахт мақомини белгилашга оид қонун лойиҳаси маромига етказилмоқда
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақомини белгилашга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган эди. Шундан келиб чиқиб ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида маромига етказилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга бағишланган йиғилишда бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, лойиҳада пойтахтнинг мақомидан келиб чиқадиган ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини аниқлаштириш зарурлиги айтилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри билан Тошкент вилояти ўртасида транспорт, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, экология, чиқиндилар, шаҳарсозлик ва ердан фойдаланиш масалаларини келишилган ҳолда ҳал қилиш механизмини белгилаш лозимлиги қайд этилди.
Айни пайтда қонун лойиҳасини маромига етказиш бўйича иш олиб борилмоқда.
М.Комилова,
ЎзА