Пойтахт ҳудудларида ёшлар муаммолари ўрганилди
Бугунги тезкор ўзгаришлар ва глобаллашув даврида ҳар бир давлатнинг иқтисодий барқарорлиги ҳамда ижтимоий ривожланиши тўғридан-тўғри ёш авлоднинг салоҳиятига боғлиқдир. Битирувчиларни меҳнат бозорига тайёрлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва таълим интеграцияси мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор вазифаси ҳисобланади.
Шунга кўра, пойтахтимизда ёшлар билан тўғридан-тўғри учрашувлар ва очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, Миробод туманида Ёшлар ишлари агентлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда раҳбар ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида ишсиз ёшлар, мактаб ва олий таълим муассасалари битирувчилари билан юзма-юз суҳбат ўтказилиб, уларнинг таклиф ва муаммолари тингланди. Мулоқотда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни муносиб иш ўринларига йўналтириш, касб-ҳунар эгаллаши учун зарур имкониятларни яратиш, шунингдек, битирувчиларнинг келгусидаги таълим ва меҳнат фаолияти билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида ёшларнинг мурожаат ва таклифлари асосида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, ёшлар етакчилари фаолиятини тизимли ривожлантириш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида ёшлар билан ишлаш жараёнлари, лойиҳалар доирасидаги ишлар ва мавжуд муаммолар таҳлил қилинди.

Жумладан, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, лойиҳалар доирасида ёшлар қамровини кенгайтириш, фаолият самарадорлигини янада ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Шу билан бирга, ёшлар етакчиларига амалий ва услубий кўмак кўрсатилиб, келгусидаги фаолиятни самарали ташкил этиш бўйича манзилли тавсиялар берилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, ёшлар билан очиқ мулоқот — уларнинг муаммоларини эшитиш, имкониятларини кенгайтириш ва келажаги учун амалий ечимларни белгилашга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА