Пойтахт ҳам муаммолардан холи эмас
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров бошчилигидаги Парламент комиссияси Тошкент шаҳридаги мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини таҳлил қилди.
Ўрганишлар Юнусобод туманидаги 246-сонли мактабдан бошланди. Комиссия аъзолари аввал мактаб кутубхонаси ва ошхонаси фаолияти билан танишди. Сўнгра мактаб жамоаси билан таълимни ривожлантиришдаги муаммолар юзасидан фикр алмашилиб, устоз ва мураббийларнинг таклифлари эшитилди.
Шу ўринда, очиқ мулоқотда асосий муаммолардан бири сифатида китоб ижараси билан боғлиқ муаммо кўтарилганини таъкидлаш жоиз. Ўқитувчиларнинг айтишича, дарсликлар ҳамон етишмаяпти, китоб дўконларидан топиш қийин, борлари эса жуда қиммат. Дарсликлардаги хатоликларга ҳам барҳам берилмаётгани бир неча бор тилга олинди.
Мактаб сиғими 1 минг 400 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлса-да, ҳозир бу ерда 3 минг 500 дан ортиқ ўқувчи таҳсил оляпти. Ўтган йили ўқувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичи 76 фоизни ташкил қилган.
Комиссия аъзолари давлат-хусусий шерикчилик асосидаги «Литтлeтотс» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини ҳам ўрганди. 240 болага мўлжалланган ушбу МТТ 2020 йилнинг августида иш бошлаган бўлиб, унга 7,2 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланган. Бу ерда болажонлар учун барча шарт-шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Депутатлар шу куни 560-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида ҳам бўлди. Ушбу муассасада 135 нафар имконияти чекланган бола тарбияланяпти. Шарт-шароитлар эса бирон-бир хусусий МТТдан кам эмас.
– Болажонларга бор меҳримизни беришга ҳаракат қиляпмиз, – деди МТТ мудираси Дилрабо Султонова.
– Чунки бу ердагилар асосан савоб учун ишлайди. Мақсад, нуқсонли болаларни кун давомида олиб ўтириш эмас, уларнинг соғлигини тиклаш, мустаҳкамлаш, билим бериш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини кучайтиришга ҳисса қўшишдир. Кўриб турганингиздек, муассасамизда барча шароит яратилган. Мутахассисларимиз ҳам етарли, орамизда фақат тарбиячилар эмас, малакали шифокорлар ҳам бор.
МТТ мудирасининг айтишича, таянч ҳаракатида нуқсони бўлган болаларнинг 20-25 фоизи тузалиб, ўз оёғи билан мактаб остонасига қадам қўяди. Аммо муаммо шундаки, махсус мактабларда бундай муолажалар давом эттирилмайди, шунинг учун ҳам болалар мактабда ота-оналар кутган эътибор ва меҳрни топа олмаяпти. Ҳатто ота-оналар орасида фарзандини яна ушбу МТТга қайтариб олиб келганлар ҳам бор.
– Сиз жуда оғриқли муаммони кўтардингиз, – деди учрашувда А.Қодиров.
– Парламент комиссияси ҳам давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан айнан шундай муаммоларни ўрганиш ва ечим топиш мақсадида ташкил этилган. Албатта, бу масала парламент даражасида ўрганилади. Керак бўлса, мутасаддилар, хусусан Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирлари билан учрашиб, ушбу масалаларни атрофлича муҳокама қиламиз.
Юнусобод тумани мактабгача таълим бўлими бошлиғи Нигора Аҳмедова эса комиссия аъзолари билан кечган мулоқотда малакали мутахассисларга эҳтиёж юқори экани, айрим соҳа ходимларининг иш ҳақларини ошириш лозимлиги ҳақида гапириб, бу масалага комиссия аъзолари эътиборини қаратди.