Пойдевори ёлғон, ғишти омонат уйлар...
Афсуски, жамиятимизнинг турли соҳаларида ваъдабозликни ўзига касб қилиб олган, ёлғон билан нон топиб, рўзғор тебратаётганлар ҳам учраб туради.
Бугун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига турли қурилиш корхоналарининг ёлғонлари қурбони бўлаётган юртдошларимиз мурожаатлари кўпаймоқда.
Наманган шаҳар, «Оби ҳаёт» МФЙ яшовчи Ҳусан Мирзаев ҳам Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига худди шундай муаммо билан мурожаат қилган.
Мурожаатда айтишича, у ўз маҳалласида жойлашган, ҳозирда ўзи истиқомат қилаётган уйни 290.000.000 миллион сўмга харид қилган. Мазкур хонадон Наманган шаҳридаги «Сан Тех Полимер» хусусий корхонаси томонидан қуриб битказилган. Бироқ фуқаро янги уйнинг қурилиш ишлари якунига етказилмасдан топширилганидан норози бўлади. Ҳолат Наманган шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилди.
Натижада, қурувчилар томонидан уйнинг қурилиш ишлари якунига етказилмаган қисми тўлиқ якунланиб, мурожаатчига топширилди. Жиззах шаҳрида яшовчи Шерзод Мамадиев ҳам “Sangzor dizayn qurilish” МЧЖдан норози бўлиб, Жиззах вилояти Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қолдирган.
Маълум бўлишича, истеъмолчи “Sangzor dizayn qurilish” МЧЖ томонидан қурилаётган уйлардан бирини харид қилиш учун 96 867 000 сўм тўлайди. Янги уй эса 2021 йилда фойдаланишга топширилиши лозим эди. Аммо, бугунга қадар қурилиш ишлари якунланмаган ва уйдан ҳануз дарак йўқ.
Афсуски, Жиззах вилояти Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимларининг ҳам қурилиш корхонаси масъулларига қилган тушунтиришлари бесамар кетди. Шундан сўнг, Жамият бу масалани судга оширди. Жиззах вилояти Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти судда истеъмолчининг ҳуқуқини имкон доирасида ҳимоя қилди.
2022 йил 16 июнь куни Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди истеъмолчининг фойдасига уй учун тўлаган пули ва маънавий зарар учун 11 315 250 сўм пеня ундириб берилсин, дея қарор чиқарди.
Бугун қурилаётган уйини кутаётганлар, ёки эндигина кўчиб ўтган уйида бир дунё муаммоларга дуч келаётган истеъмолчиларимиз кўп. «Мендан кетгунча, эгасига етгунча...» қабилида иш қилаётган қурилиш корхоналари кўпайиб кетгани ҳам сир эмас. Уй бу-Ватан. Унда инсон янги авлодни вояга етказади. Ҳар бир гўдак хавфсиз, чиройли, барча шароитларга эга уйда ўсиб-улғайишга ҳақли. Ҳар бир инсон ўз уйида хотиржам, ҳаловатда яшаш ҳуқуқига эга...
Шунингдек, ҳар қандай бизнеснинг ривожи ҳам истеъмолчиларнинг ишончи билан белгиланиши бугун аён бўлган ҳақиқат эмас!
ЎзА