Португалияда Касаба уюшмалари соҳа ходимларини иш ташлашга чақирди
Португалия 3 июнь куни сўнгги йиллардаги энг йирик умуммиллий иш ташлашлардан бирига тайёргарлик кўрмоқда. Касаба уюшмалари ҳукумат таклиф этган меҳнат қонунчилиги ислоҳотларига қарши чиқиб, транспорт, таълим, тиббиёт, давлат хизмати ва саноат каби муҳим соҳалар ходимларини иш ташлашга чақирди.
Норозилик акциясига мамлакатнинг энг йирик касаба уюшмаси — CGTP бошчилик қилмоқда. Унинг вакиллари ҳукумат таклиф қилаётган “Trabalho XXI” меҳнат пакети ишчилар ҳуқуқларини чеклашини ва Конституция тамойилларига зид эканини таъкидламоқда. Расмий Лиссабон эса мазкур ўзгаришлар меҳнат бозорини замонавийлаштириш, иш ҳақини ошириш ва иқтисодиёт рақобатбардошлигини кучайтиришга хизмат қилишини билдирмоқда.
Иш ташлаш энг аввало транспорт тизимига таъсир қилади. Лиссабон ва Порту метрополитени ҳаракати кескин қисқаради, темирйўл қатновларида жиддий узилишлар кузатилиши кутилмоқда. Авиапарвозлар ҳам қисқартирилмоқда. TAP авиакомпанияси 3 июнь куни режалаштирилган рейсларнинг катта қисми бекор қилинишини маълум қилди.
Соғлиқни сақлаш тизими ҳам босим остида қолади. Шифокорлар ва ҳамширалар касаба уюшмалари иш ташлашга қўшилишини эълон қилди. Шунга қарамай, шошилинч тиббий ёрдам, диализ, кимётерапия ва бошқа ҳаётий муҳим хизматлар минимал тартибда сақлаб қолинади.
Таълим соҳасида ҳам дарс жараёнлари издан чиқиши мумкин. Мактаблар, коллежлар, университетлар ва илмий муассасалар ходимлари акцияда иштирок этишини маълум қилган. Бу эса машғулотлар бекор қилиниши ва имтиҳонлар кўчирилишига олиб келиши мумкин.
Иш ташлашга саноат, савдо, суғурта, меҳмонхона бизнеси ва ҳатто оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам қўшилмоқда. Кузатувчилар фикрича, бу сўнгги ўн йилликдаги Португалия меҳнат бозоридаги энг кенг қамровли норозилик акцияларидан бири бўлиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА