Порлоқ туркий келажак сари
Президентимизнинг бугунги нутқи Шри-Ланка газеталарида чоп этилди
Хабар берилганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Остона шаҳрига ташриф буюриб, Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиб қайтди.
Анжуман давомида давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро тузилма миқёсида мавжуд муаммоларнинг олдини олиш, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш, келгуси истиқболни белгилашга асосланган қатор таклиф, ташаббусларни илгари сурди.
Айни пайт дунёнинг кўплаб давлатлари етакчи ахборот агентликлари Қозоғистон пойтахтида ўтган нуфузли саммитга диққат эътиборини қаратган. Жумладан, бир неча соат олдин Шри-Ланканинг асосий, нуфузли ахборот органи – “Sri Lanka Guardian” онлайн газетасида мамлакатимиз етакчисининг мазкур форумдаги нутқи эълон қилинди.
Материал сарлавҳаси – “Порлоқ туркий келажак сари” деб номланган. Аҳамиятли жиҳати шундаки, эндиликда Туркий халқлар бирдамлиги, уларнинг буюк ўтмиши ва бой маданияти, азалий қадриятларини бутун жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Кўплаб ОАВ тузилманинг истиқболини муҳокама, мушоҳада қилаётгани қувонарли, албатта.
“Sri Lanka Guardian” 2007 йил август ойида мамлакатнинг бир гуруҳ фуқаролари, жумладан, фаол журналистлар, академиклар, нафақадаги давлат хизматчилари томонидан ташкил этилган нашр. Ушбу портал ҳозир дунё бўйлаб юздан зиёд доимий муаллифлар учун платформа ҳисобланади.
Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.
ЎзА