Попда ғалла ривожи ўрганилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Поп тумани “Сирдарё” ММТП ҳудудидаги “Тошпўлат Турғунбой Расулжон” фермер хўжалиги дала майдонларининг жами ер майдони 52 гектар бўлиб, шундан 29 гектарида пахта, 21,6 гектарида дон етиштирилмоқда. Шу кунларда далада ғўза бўй кўрсатиб, шоналашни бошлади. Ўғитлашни якунлаш, сувга тайёрлаш керак.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов дала ишларининг боришини ўрганиш мақсадида ушбу ҳудудда бўлди. Ғўза ривожини кўздан кечириб, фермерлар билан суҳбатлашди. Омилкорларга парваришни кучайтириш, чопиқ сифатини ошириш, суғоришга тайёрлаш юзасидан кўрсатмалар берди.
Вилоят раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ тумандаги ғаллазорларни кўздан кечирди. Жараёнда “Санг НГМ” фермер хўжалиги дала майдонида етиштирилаётган 18 гектар ғалла ривожи ўрганилди.
Таъкидлаш керак, туманда ғалла ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 35 та отряд ташкил этилиб, уларга 35 та ғалла ўриш комбайни бириктирилди, кўчма уйлар ташкил этилди. Шунингдек, ҳар бир ўрим комбайнига 5 донадан, жами 175 та дон ташиш машинаси ажратилди.
Кейинги манзил – “Юксалиш” ҳудудидаги “Мирзаорол уруғчи” фермер хўжалиги дала майдонларида бошоқли дон пишиб, етилгани эътиборни тортди. Ушбу хўжаликда жами 85 гектар ерга ғалланинг эртапишар “Ультра” нави экилган бўлиб, ҳозирда экин ўрим мавсумига тайёр ҳолга келган.
Ишчи гуруҳ буғдой донлари ҳолатини ўрганиб, ўрим бўйича тавсиялар берди.
Ўрганишлар давомида Ором маҳалласи ҳудудидаги иссиқхоналарнинг бугунги ҳолати билан ҳам танишилди.
Ҳозирги кунда туманда 100 дан ортиқ иссиқхона бор. Уларнинг жами майдони 110 гектарни ташкил этади. Озиқ-овқат узлуксизлиги ва экспортини таъминлаётган кўплаб маҳсулотлар ушбу мажмуаларда етиштирилмоқда. Лекин, кейинги пайтда Ором маҳалласи ҳудудидаги 2 сотихдан иборат енгил конструкцияли 100 та иссиқхона сув етишмовчилиги туфайли қаровсиз қолаётган эди. Бу ҳолатни бартараф этиш учун вилоят ҳокими жорий йилда бир неча бор тадбиркорлар билан учрашди ва масалага ижобий ечим топиш учун чора-тадбирлар белгилади.
[gallery-17652]
Орадан қисқа вақт ўтиб, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғарма томондан 150 миллион сўм субсидия эвазига тик қудуқ қазилиб, сув чиқарилди.
Вилоят раҳбари нуронийлар ва иссиқхона эгалари билан суҳбат давомида ерни бўш қўймаслик, сувдан оқилона фойдаланиш юзасидан кўрсатмалар берди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА