Полвонларнинг натижалари сарҳисоб килинди
Урганч шаҳрида кураш ва спорт курашлари билан шуғулланаётган спортчиларнинг ўтган йилги натижалари сарҳисоби ҳамда жорий йилга режалари муҳокама қилинди.
Урганч олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида миллий спорт тури кураш ва спорт курашлари бўйича федерацияларнинг вилоят бўлимлари мутасаддилари, тренерлар, спортчилар, уларнинг ота-оналари йиғилди.
Йиғилишда Хоразм вилояти прокурори, вилоят кураш ва спорт курашлари Федерациялари раиси Муроджон Аҳмедов ва Миллий Олимпия қўмитаси Хоразм вилояти бўлими ижрочи директори Усмонбой Жумагалдиев иштирок этиб, сўзга чиқди.
Йиғилишда 2025 йилда эришилган ютуқлар, ушбу яккакурашлар билан банд бўлган спортчилар ва спорт секциялари муаммолари ҳамда 2026 йилда спортчилар ва уларнинг мураббийлари олдида турган вазифалар таҳлил этилди.
Таъкидланишича, 2025 йилда барча спорт йўналишлари бўйича юқори натижаларга эришилган. Хусусан, кураш бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида вилоят спортчилари 9 та олтин ва битта бронза медалларига сазовор бўлган. Аёллар кураши бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этган ёшлар ўртасида Шоҳиста Шоназарова олтин, катталар ёш тоифасида Ғуломжон Абдуллаев ва Нигина Собировалар бронза медаллари билан тақдирланган. Шунингдек, вилоятнинг аёллар терма жамоаси Президент Олимпиадасида биринчи, эркин кураш бўйича ўсмир ёшдаги ўғил болалар жамоаси учинчи ўринни банд этди.
[gallery-27616]
Учрашув давомида йиғилиш иштирокчилари томонидан кураш ва спорт курашларини янада ривожлантириш, ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш, машғулотлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, мусобақаларни ташкил этиш ҳамда мавжуд муаммолар бўйича таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, спортчиларни қийнаётган айрим масалалар муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди.
Учрашув якунида спорт соҳасини ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш ва юқори натижаларга эришиш йўлида бундай мулоқотлар доимий равишда давом эттирилиши таъкидланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (cурат), ЎзА мухбирлари