Полвонларимиз жаҳон чемпионатида совриндор бўлди
Словакиянинг Братислава шаҳрида спорт курашлари бўйича U20 жаҳон чемпионати қизғин давом этмоқда. Юнон-рум кураши бўйича баҳсларнинг навбатдаги кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари икки бронза медалини қўлга киритди.
Жумаладан, -72 килограмм вазн тоифасида Беҳрузбек Валиев бронза медали учун кечган баҳсда арманистонлик Геворг Хачатрянга қарши майдонга тушди. Асосий вақт 7:7 ҳисобида якунланган бўлса-да, устунлик вакилимиз томонида бўлди. -55 килограмм вазнда эса Ҳожиакбар Қўчқоров муносиб натижа қайд этди. У бронза медали учун баҳсда молдовалик М.Сармановни 9:1 ҳисобида мағлуб этди ва шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Бугун чепмпионатнинг юнон-рум кураши бўйича 60 килограмм вазн тоифасида Достонбек Орипов олтин медаль учун баҳсда озарбайжонлик Айхан Жавадовга қарши баҳс олиб боради.
Шунингдек, бугун аёллар кураши бўйича мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам татамига чиқади. Ҳусусан, Муниса Мингяшарова (-55 кг), Феруза Қайратдинова (-62 кг), Севинчой Полвонова (-76 кг) юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Бундан ташқари, 50 килограммгача вазнда Нилуфар Нурмуҳаммадова ҳамда -53 килограммда Соҳибжамол Эсбосинова бронза медали учун баҳсда иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА