Польшалик сайёҳлар оқими ошади
ФОТОРЕПОРТАЖ
“LOT Polish Airlines” авиакомпанияси томонидан Варшава – Тошкент – Варшава йўналиши бўйича йўлга қўйилган мунтазам авиарейс очилиши муносабати билан мамлакатимизга ташриф буюрган Польша ҳукумати, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, сайёҳлик агентликлари ва бошқа ташкилотлар мутасаддилари Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Меҳмонлар ташриф давомида Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларида бўлиб, унинг туризм салоҳияти билан яқиндан танишди.
- Ўзбекистонга ўттиз йил олдин келган эдим, - дейди “Logos travel” сайёҳлик агентлиги вакили Марек Сливка. – Юртингизнинг табиати, бетакрор тарихий обидалари менга жуда ёқади. Ўтган давр мобайнида жуда улкан ўзгаришлар амалга оширилибди. Аммо тарихий обидаларнинг жозибаси ўша-ўша. Бугунги ташриф давомида Ўзбекистоннинг, хусусан, Самарқанднинг туризм салоҳиятини алоҳида ўргандим. Шу асосда ҳамюртларим учун қулай бўлган турпакетларни тузиб чиқамиз. Чунки, энди Польша ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам авиарейслар йўлга қўйилиб, сайёҳлар учун ажойиб имконият яратилди. Саёҳатга чиқувчиларга қизиқарли бўлган турпакетларни тайёрлаб, уларни жалб этиш керак, холос. Ўйлайманки, бугунги ташриф давомида менинг ҳамкасбларим, қолаверса оммавий ахборот воситалари вакиллари кенг тарғиб қилса, ўзаро туристик алоқаларимиз янада ривожланади.
[gallery-16437]
Делегация таркибида келган оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар Самарқанд жозибасини акс эттирувчи медиа материаллар тайёрлаб, ўз юртдошларига тақдим этиш ниятида эканликларини билдиришди.
– Самарқандга илк бор келишим, – дейди журналист Марта Шурник. – Унинг тарихий шаҳар эканлиги, ўзига хос табиати борлигини эшитган эдим. Аммо, бугун кўриб турибманки, у эшитганимданда бетакрор экан. Айниқса, меъморчилик намуналари мени лол қолдирди. Сайёҳлар учун ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги алоҳида аҳамиятга эга. Бунда гастрономик туризм муҳим ўрин тутади. Миллий таомларингиз жуда ҳам мазали экан. Айниқса, ўзбек палови менга жуда ёқди. Албатта, мен ва бошқа ҳамкасбларим томонидан тайёрланган медиа материаллар ҳамюртларимизни Ўзбекистонга, хусусан Самарқандга бўлган қизиқишини янада орттиради ва польшалик сайёҳлар оқими кўпаяди.
Польша делегацияси ташриф давомида Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, қадимий Сиёб бозори ва бошқа диққатга сазовор жойларда бўлди.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА