Польшада Янги Ўзбекистон ислоҳотларига бағишланган конференция
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар ҳақида халқаро ҳамжамиятга етказишда парламентлараро алоқалар, очиқ мулоқотлар ва экспертлик майдонларининг ўрни муҳим. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳам хорижий парламентлар, илмий ва экспертлик доиралари билан мулоқотларни ривожлантириб, мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва амалий натижаларини халқаро майдонда кенгроқ намоён этишга интилмоқда. Ана шундай мулоқотларнинг навбатдагиси Варшава университетида “Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ва «Ўзбекистон – 2030» стратегияси” мавзусида ўтказилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатасининг Матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро конференция Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Тараққиёт стратегияси маркази, Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси, Варшава университетининг сиёсий фанлар ва халқаро тадқиқотлар факультети, Александр Квасьневскийнинг “Amicus Europae” жамғармаси ҳамда “Perspektywy” таълим жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Конференцияда Польша Республикасининг собиқ Президенти Александр Квасьневский, Польша Сенати Вице-маршали Михал Томаш Каминский, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов, Варшава университети проректори Мацей Рас, Тараққиёт стратегияси маркази директори Элдор Туляков ва бошқалар маъруза билан иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон ва Польша давлат органлари ва парламентлари вакиллари, дипломатлар, олимлар, экспертлар, ақл марказлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Тадбирда Янги Ўзбекистонни барпо этиш доирасида амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, уларнинг натижалари ҳамда мамлакат тараққиётининг янги босқичидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов ўз нутқида сўнгги ўн йилликда амалга оширилган ислоҳотлар жамият, иқтисодиёт ва давлат бошқарувида чуқур ўзгаришларга олиб келганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилгани, валюта конвертацияси бўйича чекловлар олиб ташлангани, ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб келган прописка тизими бекор қилингани айтиб ўтилди. Шунингдек, парламентнинг роли ва назорат ваколатлари кучайтирилгани, маҳаллий даражада ижро ва вакиллик ҳокимияти ўртасидаги бўлиниш мустаҳкамланиб, ҳокимларнинг 33 та ваколати маҳаллий Кенгашларга ўтказилгани ҳақида маълумотлар берилди.
Қайд этилганидек, 2023 йилги конституциявий ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид кафолатларни сезиларли кенгайтирди. Конституциявий ислоҳот жараёнида фуқаролардан 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушгани, Конституция матнининг 65 фоизи жамоатчилик таклифлари асосида янгилангани таъкидланди.

Конференцияда Ўзбекистоннинг иқтисодиёт, инвестиция, ижтимоий соҳадаги ютуқлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Мактабгача таълим қамрови 78 фоизга, олий таълим қамрови эса 2016 йилдаги 9 фоиздан 42 фоиздан ортиқ даражага етди.
Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги ўн йилликда инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, очиқлик сиёсати, халқаро майдондаги фаол ташаббускорлик тадбир иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.
Конференция Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги сиёсий, парламентлараро, академик ва экспертлик мулоқотини ривожлантириш учун муҳим платформа бўлгани таъкидланди. Ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, экспертлар ва илмий доиралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистондаги ислоҳотлар тажрибаси бўйича очиқ мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА