Поликлиниканинг янги биноси ишга тушди
Гулистон шаҳридаги "Дўстлик", "Соҳил", Буюк юрт" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида истиқомат қилаётган 14500 нафар аҳолига хизмат кўрсатувчи "Дўстлик" оилавий поликлиникаси инвестиция дастури доирасида янгидан қурилди.
Қурилиш ва жиҳозлаш ишларига 2 миллиард 800 миллион сўм пул маблағи йўналтирилиб, қурилиш ишларини Гулистон шаҳридаги "Сайхун савдо қурилиш" масъулияти чекланган жамият қурувчилари амалга оширди.
[gallery-20276]
–Янги поликлиника биноси Тиббиёт ходимлари куни арафасида мазкур поликлиникада ишлаётган шифокорлар, тиббий бригада аъзолари ва шу билан бирга ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари учун байрам туҳфаси бўлди,–дейди шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Мурод Кўпайсинов.—Поликлиниканинг эски биноси 1947 йилда қурилган бўлиб, нафақат тиббиёт ходимлари, аҳоли вакиллари учун турли ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди. Айниқса, қишда. Мана бугун, давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳасига бўлган эътибори туфайли замонавий, шинам тиббиёт муассасага эга бўлдик.
Муассасанинг очилишига бағишланган тадбирда Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев , секторлар раҳбарлари, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ва аҳоли вакиллари иштирок этди. Улар янги тиббиёт муассасаси, унда аҳоли вакилларининг келиб- кетиши, тиббий хизмат турларидан фойдаланиш учун яратилган имкониятлар, тиббиёт ходимларнинг ишлаши учун қулай шароитлар билан яқиндан танишиб, соҳа ходимларига ўз тавсия ва маслаҳатларини беришди.
–Олдинги биномизда ишлаш, аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар, тиббий жиҳоз, тиббий аппаратлар йўқ эди,–дейди поликлиника мудири Норой Дўстмуродова.–Янги муассасада умумий амалиёт шифокори ва умумий амалиёт ҳамшираси учун алоҳида хона, физиотерапия, лаборатория, УЗИ, ЭКГ, стоматология, гинекология хоналари ташкил этилиб, улар зарур тиббий аппарат, жиҳоз, компьютер жамланмалари билан таъминланди. Бу эса аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янада яқинлаштиришда, тиббий хизмат сифатини оширишда катта ёрдам беради.
Энг муҳими, аҳоли вакиллари учун лаборатория хизматлари, УЗИ, ЭКГ текширувлари Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада эмас, шу ернинг ўзида йўлга қўйилади. Бундан аҳоли жуда ҳам мамнун.
–Кўпдан замонавий поликлиника хизматини орзу қилардик. Бугун ниятимизга етдик. Бу ердаги шарт-шароитларни айтмайсизми, шаҳардаги энг яхши тиббиёт муассасасидан сира қолишмайди. Тиббиёт ходимларга келсак, улар хушмуомала, ўз касбларининг билимдони. Аҳолининг соғлиғи йўлида астойдил ҳаракат қилади,–дейди Сайфиддин бобо Солиев.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев(сурат),
ЎзА мухбирлари