Поликлиникада баъзан дори таъминотида узилишлар кузатилади
Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт муассасаларида зарур шарт-шароитларни яратиш бугунги ижтимоий йўналишдаги ислоҳотларнинг муҳим масалаларидан бири бўлиб турибди. Бу борада ҳудудларда қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилиб, аҳолига қулай, тезкор ва самарали тиббий хизмат йўлга қўйилган.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 5-сон оилавий поликлиникада ҳам зарур шароитлар муҳайё қилинган бўлиб, 7 та маҳалладаги 23 минг 100 нафар аҳолига ҳамда 4 та мактаб ўқувчиларига тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олга Литвинова, Ўзбекистон Экологик партияси Мирзо Улуғбек туман Кенгаши раиси Азиз Сатторов, Ёшлар парламенти аъзоси Артур Азеговлар ушбу поликлиникада бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди. Муассаса раҳбарияти, шифокорлар ва беморлар билан учрашиб, улар билан мулоқот қилди.
Мулоқот давомида бирламчи тиббий-санитария ёрдами сифати, кадрлар салоҳияти, дори воситалари, моддий-техник база ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар муҳокама қилинди.

Маълум қилинганидек, поликлиника 1969 йилда барпо этилган. Бугунги кунда 7 та маҳалланинг аҳолисига хизмат кўрсатиб келмоқда. Поликлиникада 10 ўринли кундузги стационар фаолият юритмоқда. Беморлар тиббий хизмат сифатини ижобий баҳолади. Имтиёзга эга фуқаролар “Дори-дармон” дорихонаси орқали бепул дори билан таъминланмоқда.
Поликлиника аҳолига бирламчи тиббий хизматни барқарор ташкил этиб келаётгани эътироф этилди. Аммо шу билан бирга, айрим камчиликлар борлиги айтиб ўтилди. Жумладан, муассаса оилавий шифокорлар ва ҳамширалар билан тўлиқ таъминланган бўлса-да, жарроҳ ва травматолог мутахассисларга эҳтиёж мавжуд, рентген хонаси йўқ. Баъзан дори таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Эскирган тиббий жиҳозларни янгилаш, ертўла қисмидаги муҳандислик коммуникацияларини таъмирлаш зарурлиги қайд этилди.
М.Комилова,
ЎзА