Покистон ҳар йили ўн минглаб сайёҳни жалб қиладиган мамлакат шимолидаги гўзал кўллар атрофида янги меҳмонхона қуришни беш йилга тақиқлайди, деди ҳукумат агентлиги вакили.
13 000 га яқин музлик жойлашган Гилгит-Балтистонда меҳмонхона ва тартибга солинмаган мажмуа қурилиши номақбул. Яъни, атроф-муҳит қутб минтақаси ҳудудига нисбатан кўпроқ бузилиши ҳақида жиддий хавотир келтириб чиқаради.
Табиий гўзаллиги туфайли ажойиб сайёҳлик масканига айланган ушбу минтақа қадим Ипак йўлидаги баланд чўққилари, сайёҳларни чорлайдиган олча боғлари, музликлар ва музли мовий кўлларга олиб борувчи автомагистраллари билан машҳур.
Афсуски, сўнгги йилларда минтақада ташқаридан келган компаниялар томонидан қурилиш ишлари жадал суръатда олиб борилиши сув ва энергия ресурси камайиб, чиқинди кўпайишига олиб келди.
Маҳаллий Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси юқори мартабали ходими Ҳадим Ҳусайн шундай дейди: - Уларга меҳмонхона қуриш учун рухсат берилса, бу жой бетон ўрмонга айланади. Одамлар бу ерга бетонни кўриш эмас, балки табиий гўзалликдан баҳраманд бўлиш учун келади.
Ўтган ой бир чет эллик сайёҳ ижтимоий тармоқда меҳмонхона оқава сувини Ҳунза учун тоза сув манбаи бўлган Аттобод кўлига тўкаётгани акс этган вирусли видео лавҳа жойлаштирди.
Эртаси куни расмийлар меҳмонхонани 5000 доллардан ортиқ жаримага тортди.
Водийда яшовчи сиёсий фаол Асиф Саҳи тақиқни олқишлади:
- Биз туризм ва тараққиёт тез ўзгаришини кўрдик. Меҳмонхоналар барпо этилиши табиий кўлларимиз, дарёларимизни йўқ қилмоқда.
Меҳмонхона менежери, маҳаллий аҳоли вакили Шоҳ Навоз ҳам чекловни олқишлаб, "атроф-муҳитни, табиий гўзалликни муҳофаза қилиш ҳар бир инсоннинг бурчи” деб ҳисоблашини таъкидлади.
М.Пирматова, ЎзА