Покистон собиқ бош вазири қамоқхонадан шифохонага кўчирилди
Покистоннинг қамоқда сақланаётган собиқ бош вазири Имрон Хон жума куни эрталаб тиббий кўрикдан ўтиш учун Исломободдаги шифохонага ўтказилди. Бу ҳақда унинг “Техрик-е-Инсоф” партияси маълум қилди.
Ушбу қарор Олий суднинг тегишли топшириғидан сўнг амалга оширилди ва бу уч йилдан ортиқ вақтдан бери ҳибсда сақланаётган сиёсатчининг тарафдорлари томонидан талаб қилинаётган эди.
Адвокатларнинг таъкидлашича, 73 ёшли собиқ бош вазирнинг қамоқхонадаги саломатлиги ёмонлашган, хусусан, ўнг кўзининг кўриш қобилияти сезиларли даражада пасайган. Олий суд ҳокимият органларига Хонни Исломободдаги “Шифа” шифохонасига ўтказишни ва унга шахсий шифокори иштирокида тиббий комиссия кўригидан ўтишга рухсат беришни буюрган.
Шунга қарамай, сиёсатчининг партияси уни озод қилиш ва суд ишларини жадаллаштириш талаби билан 27 сентябрь куни умуммиллий намойишлар ўтказиш режасидан воз кечгани йўқ. Эслатиб ўтамиз, Имрон Хон 2023 йилнинг августида ҳибсга олинган ва шундан бери қамоқда сақланмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА