Пластик картали ҳисоблагичлар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 ноябрдаги “Электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Сурхондарё вилоятида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 ноябрдаги “Электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Сурхондарё вилоятида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.Аҳоли хонадонлари ва хўжалик юритувчи субъектларга босқичма-босқич замонавий пластик картали ҳисоблагичлар ўрнатилаётир. Бу истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, фойдаланилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини янада такомиллаштириш имконини беради.
Вилоятда амалга оширилаётган бундай ишлар асносида хўжалик юритувчи субъектлар учун янги автоматлаштирилган тизим жорий этилмоқда. Бунинг учун ҳисоблагичлар автоматлаштирилган ҳисоб-китоб тизимига боғланаётир. Фойдаланилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилишнинг бу усули истеъмол қилинган электр энергиясини масофадан туриб узлуксиз назорат қилиш имкониятини яратмоқда. Вилоятда 1 минг 540 ташкилот, корхона ва бошқа хўжалик юритувчи субъект ана шу тизимга уланган.
Ангор туманида ўндан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар автоматлаштирилган ҳисоб-китоб тизимидан фойдаланмоқда. “Халқ банки” туман бўлими мутахассисларининг таъкидлашича, ҳисоблагичга уланган янги тизим электр энергияси истеъмолини узлуксиз назорат қилиш ва ҳисобга олиш автоматлаштирилгани билан муҳим аҳамиятга эга. Бу таъминотчи билан истеъмолчи ўртасидаги айрим келишмовчиликларни бартараф этишга кўмаклашмоқда.
Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси акциядорлик жамиятидан олинган маълумотларга кўра, 2015 йилгача вилоятда 1 минг 562 хўжалик юритувчи субъект пластик картали электр ҳисоблагичлар билан таъминланган эди. 2015 йилда 597 корхона, ташкилот ва бошқа хўжалик юритувчи субъектга пластик картали замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилди. Воҳанинг шаҳар ва қишлоқларида янги электр ҳисоблагичларнинг қулайликларидан самарали фойдаланаётган хонадонлар сафи ҳам йил сайин кенгаймоқда.
– Хонадонимизга пластик картали электр ҳисоблагич ўрнатилганига бир йилдан ошди, – дейди термизлик Равшан Омонқулов. – Замонавий ҳисоблагичнинг истеъмолчи учун ҳам, энергетиклар учун ҳам қатор афзалликлари бор экан. Ҳисобингизда маблағингиз камайиб қолса, ҳисоблагич сигнал бериб сизни огоҳлантиради. Ҳисобимизда пул тугаб қолган заҳоти чироғимиз ўчишини яхши биламиз. Шунинг учун истеъмол қилинадиган электр энергияси тўловини олдиндан амалга оширамиз.