
Кундалик турмушимизда пластик идишлар ва пакетлардан жуда кўп фойдаланамиз. Асосан бир марталик бўлган бундай маҳсулотлар ишлатиб бўлинганидан кейин, албатта чиқиндига ташлаб юборилади. Аммо уларнинг чириши қийин, қайта ишланиши эса жуда кам миқдорда.
Маълумотларга кўра, дунё бўйича йилига 400 миллион тонна пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бу кўрсаткич 2050 йилга бориб 2 баробар ортиши кутилмоқда. БМТ маълумотларига кўра, пластик чиқиндиларнинг 40 фоизи бир марта ишлатиладиган пластик маҳсулотлардир. Дунё миқёсида пластик маҳсулотларнинг атиги 9 фоизи қайта ишланади, холос. Бу каби чиқиндиларнинг бир қисми ёқиб юборилмоқда ва оқибатда ҳаво заҳарланмоқда. Қолгани йирик дарёлар орқали дунё океанига чиқиб, сув дунёсига зарар етказмоқда. Соҳа вакилларининг таъкидлашича, бу кимёвий маҳсулот океанлар тубидан тортиб, дунёнинг энг баланд нуқтаси бўлган Жамалунгма чўққиси этакларигача етиб боришга улгурган.

Пластик кўп функцияли ва арзон материал сифатида қадоқлаш ва тўқимачиликдан тортиб, қурилиш ва тиббиётгача бўлган кенг соҳаларда қўлланилмоқда. Бироқ унинг чидамлилиги ва узоқ муддат парчаланиши экологик инқироз сабабларидан бирига айланди.
Кўплаб мамлакатлар томонидан пластик ифлосланишни камайтириш учун фаол чоралар кўрилмоқда. Хусусан, бир марталик қадоқлашни тақиқловчи қонунларни жорий этиш, қайта ишлаш ва чиқиндиларни алоҳида йиғиш дастурларини яратиш. Бой давлатлар уларнинг бир қисмини қайта ишласа, қолганини ривожланаётган давлатларга чиқариб юбормоқда. Бироқ муаммонинг глобал миқёси кўпроқ мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларни талаб қилади. Пластик чиқиндиларни инвентаризация қилиш ҳозирги ҳолатни баҳолаш ва чиқиндиларни бошқариш стратегиясини ишлаб чиқиш учун асосий воситалардан биридир.
Ўзбекистонда бу муаммога қарши қандай чоралар кўрилмоқда?
Ўзбекистон аҳолиси орасида пластик маҳсулотлар, жумладан, полиэтилен пакетлардан кенг фойдаланилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда йилига 10,2 миллион тонна қаттиқ маиший чиқиндилар ҳосил бўлиб, унинг 10,3 фоизини (1,05 миллион тонна) пластик чиқиндилар ташкил этади ва республиканинг деярли ҳар бир ҳудудида пластмасса буюмлари, жумладан, идиш-товоқ ва қоп ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд.

Шунингдек, Ўзбекистонда пластик чиқиндилар муаммоси иқтисодиётнинг жадал ўсиши, урбанизация ва турли саноат тармоқларида пластикдан фойдаланишнинг кўпайиши билан боғлиқ бўлган ўзига хос хусусиятларга эга. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Барқарор ривожланишга кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ушбу муаммони ҳал қилишда халқаро ёндашувни қўллаш мақсадида “Олис ва тоғли ҳудудлардаги пластик чиқиндилар” лойиҳаси доирасида пластик чиқиндиларни инвентаризациядан ўтказди.

Лойиҳа “Bazel”, “Rotterdam” ва “Stokgolm” (BRS) конвенциялари котибияти кўмагида амалга оширилмоқда.
Инвентаризациянинг аҳамияти нимада?
Қайд этилишича, инвентаризация бозорга кирувчи пластмасса ҳажмларини, улардан фойдаланиш ва қайта ишлаш усулларини, шунингдек, чиқиндиларни ҳосил қилиш кўламини баҳолаш имконини беради. Бу жараён вазиятни таҳлил қилиш ва узоқ муддатли чиқиндиларни бошқариш стратегиясини ишлаб чиқишда муҳим воситага айланди. Тадқиқот натижалари мамлакат иқтисодиётида ишлатиладиган пластик ҳажми сезиларли даражада ошганини кўрсатди.
Тадқиқотнинг асосий натижалари
Қадоқлаш сектори пластикнинг энг йирик истеъмолчиси бўлиб қолмоқда. 2022 йилда унинг улуши бозорга кирадиган пластик умумий ҳажмининг 22,1 фоизини ташкил этди. Транспорт сектори 24,9 фоиз улуш билан иккинчи, қурилиш сектори 22,2 фоиз билан учинчи ўринни эгаллади. Ушбу учта саноат мамлакатдаги барча пластикнинг 69 фоиздан ортиғидан фойдаланади.
Пластикдан фойдаланиш ортиб бориши билан чиқиндилар ҳажми ҳам ошади. 2022 йилда пластик чиқиндилар миқдори 249 минг 241 тоннага етди, бу 2013 йилга нисбатан 147 фоизга кўпдир. Чиқиндиларнинг асосий манбаи қадоқлаш бўлиб қолади, бу умумий ҳажмнинг 192,115 тоннасини ташкил этади. Бу қадоқлаш материалларининг қисқа хизмат муддати билан боғлиқ бўлиб, улар кўпинча ишлатилгандан кейин дарҳол ташланади. Шу билан бирга, транспорт ва қурилиш соҳаларида чиқиндилар секинроқ кўпаймоқда, чунки бу тармоқларда пластик маҳсулотлар узоқ хизмат қилиш муддатига эга.
Бундан ташқари, мамлакатимизга пластик маҳсулотлар импорти экспортдан сезиларли даражада ошиб, 2023 йилда 158,5 минг тоннани, 487,5 миллион долларни ташкил этди. Шу билан бирга, 2023 йилда пластик импорт улуши 2020 йилга нисбатан 54,6 фоизга ошди.
Муаммолар ва қийинчиликлар
Инвентаризация жараёнида пластик чиқиндиларни самарали бошқаришга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммолар аниқланди.
Биринчидан, мамлакатда қайта ишлаш инфратузилмаси янада ривожлантириш ва такомиллаштиришни тақозо этади. Қайта ишлаш корхоналарининг чекланган сони чиқиндиларни, айниқса, полиэтилен, полипропилен ва полиэтилен терефталат (PET) каби асосий полимерларни самарали қайта ишлаш имкониятини камайтиради.
Иккинчидан, чиқиндиларни алоҳида йиғиш тизимининг йўқлиги қайта ишлаш корхоналарининг мавжуд қувватларидан самарали фойдаланишни сезиларли даражада мураккаблаштиради. Аҳолининг экологик маданияти етишмаслиги эса муаммони янада кучайтиради: кўпчилик чиқиндиларни саралашнинг аҳамияти ва пластик ифлосланишнинг салбий оқибатлари ҳақида етарлича маълумотга эга эмас.
Вазиятни яхшилаш бўйича тавсиялар
Пластик чиқиндиларни самарали бошқариш учун комплекс чора-тадбирлар кўриш талаб этилади. Устувор вазифалардан бири пластик чиқиндиларни мунтазам равишда инвентаризация қилишдир. Бу бизга чиқиндилар ҳажми, уларни тармоқлар ва полимер турлари бўйича тақсимлаш тўғрисида муҳим маълумотларни олиш ҳамда асосланган бошқарув қарорларини қабул қилиш имконини беради. Инфратузилмани ривожлантириш ҳам муҳим қадам ҳисобланади. Қайта ишлаш корхоналари, хусусан, полиэтилен, полипропилен ва “PET” ни кўпайтириш полигонларга жўнатиладиган чиқиндилар ҳажмини сезиларли даражада камайтиради ва қайта ишлашнинг иқтисодий самарадорлигини оширади.
Алоҳида чиқиндиларни йиғиш тизимини ишлаб чиқиш. Бу қайта ишланган хомашё сифатини ошириш, саралаш харажатларини камайтириш ва қайта ишлаш жараёнини тезлаштириш имконини беради. Бундан ташқари, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли маърифий тадбирларни ўтказиш зарур. Бунга ахборот дастурлари, мактаблар ва корхоналарда чиқиндиларни саралаш дастурлари каби амалий ташаббуслар кириши мумкин.
Қонунчилик базасини такомиллаштириш муаммони ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди. Пластикни қайта ишлаш учун мажбурий квоталар ва бир марталик маҳсулотлардан фойдаланишга чекловлар жорий этиш, пластик маҳсулотлар ва идишларни, айниқса, таркибида турли зарарли кимёвий моддалар ва бўёқлар бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва импорт қилишни босқичма-босқич тақиқлаш, ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларнинг кенгайтирилган мажбуриятлари тизимини жорий этиш, пластик маҳсулотлар ва идишлар ўрнини босувчи экологик тоза товарларни (биологик парчаланадиган, қоғоз, трикотаж, пахта ва бошқалар) ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларни рағбатлантириш.
Инвестицияларни жалб қилиш ҳам истиқболли йўналиш ҳисобланади. Қайта ишлаш саноати сармоядорлари учун қулай шарт-шароит яратилаётгани мазкур тармоқни ривожлантириш ва илғор технологияларни жорий этиш имконини беради.
Ўзбекистонда пластик чиқиндиларни инвентаризация қилиш баҳолаш ва режалаштириш воситаси сифатида муҳимлигини исботлади. Таклиф этилаётган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши нафақат пластик чиқиндиларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш, балки қайта ишлашнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилаш имконини яратади. Бу қадамлар Ўзбекистоннинг чиқиндиларни барқарор бошқариш соҳасида Марказий Осиёда етакчи бўлишига ҳам ёрдам беради.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда вазиятни яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Масалан чиқиндиларни алоҳида йиғиш йўлга қўйилмоқда, пластикнинг айрим турларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишга чекловлар жорий этилмоқда, қайта ишлаш қувватлари ривожланмоқда. Бироқ, пластик чиқиндиларни барқарор бошқаришга эришиш давлат сиёсатини кучайтириш ҳамда бизнес ва фуқаролик жамиятининг фаол иштирокини ўз ичига олувчи комплекс ёндашувни талаб қилади.
Ривожланиши керак бўлган асосий йўналишлар:
1. Қонунчилик базасини такомиллаштириш: чиқиндиларни бошқариш бўйича норма ва стандартларни қатъийлаштириш, экологик тўлов тизимини жорий этиш, ишлаб чиқарувчиларнинг ўз маҳсулотларини утилизация қилиш учун жавобгарлигини кенгайтириш.
2. Инфратузилма ва технологияларни ривожлантириш: янги қайта ишлаш корхоналарини қуриш, алоҳида йиғиш пунктларини яратиш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилишнинг замонавий технологияларини жорий этиш.
3. Аҳоли билан тарғибот ишлари: ахборот кампаниялари орқали экологик саводхонликни ошириш, фуқароларни чиқиндиларни алоҳида йиғиш ва қайта ишлашга жалб қилиш.
4.Инновацияларни рағбатлантириш: биологик парчаланадиган материаллар ишлаб чиқаришга инвестицияларни жалб этиш, пластик маҳсулотларга альтернативаларни ишлаб чиқиш ва ёпиқ тизимни яратиш.
Хулоса ўрнида айтганда, чиқинди муаммоси бугунги кунимизнинг ажралмас қисмига айланган. Уларни ўз вақтида тўплаш, жойлаштириш, ташиш, зарарсизлантириш, сақлаш, қайта ишлаш, утилизация ва реализация қилишнинг самарали тизими йўлга қўйилмаса, турли салбий оқибатларга, жумладан, ҳар-хил юқумли касалликлар тарқалиши манбаига айланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА