Пхеньян ракета синовларини давом эттирмоқда
Шимолий Кореянинг Мудофаа Фанлари академияси Сохэ космодромида навбатдаги ракета синови амалга оширилгани ҳақида маълум қилди. Қайд этилишича, синов 13 декабрь куни ўтказилган.
Шимолий Кореянинг Мудофаа Фанлари академияси Сохэ космодромида навбатдаги ракета синови амалга оширилгани ҳақида маълум қилди. Қайд этилишича, синов 13 декабрь куни ўтказилган.
“Партия Марказий қўмитаси олимларимизга ўз табрикларини йўллашди. Сўнгги пайтларда Мудофаа ишларида бирин-кетин эришаётган натижалар Корея Халқ Демократик Республикасининг стратегик ядро қуролларини янги босқичга олиб чиқиш учун қўлланилади“, дейилади Шимолий Корея “Телеграф“ агентлиги орқали эълон қилинган баёнотда.
Ўтган ҳафта Мудофаа Фанлари академияси Сохэ космодромидаги синов муваффақиятли ўтгани ҳақида маълум қилган эди. Экспертларнинг фикрича, гап қитъалараро баллистик ракета учун қаттиқ ёқилғида ишлайдиган двигатель синови устида бормоқда.
Шимолий Кореянинг ядровий дастури кўп йиллардан буён жаҳон ҳамжамиятида ташвиш уйғотмоқда. Бунинг учун БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан КХДРга санкция ҳам қўлланилди. Пхеньян 2017 йилда кетма-кет ракета ва ядро синовларидан кейин мақсадга эришганини, энди денуклеаризацияга тайёр эканини маълум қилди.
Шундан кейин икки марта АҚШ – КХДР саммити бўлиб ўтди, унда томонлар денуклеаризация ва муносабатларни яхшилаш сари ҳаракат қилишга келишиб олди. Бироқ кейинги пайтларда бундай мулоқот тўхтаб қолди. Вашингтон Пхеньяндан ядро қуролидан воз кечишга янада қатъийроқ ҳаракат қилишни талаб қилаётган бўлса, КХДР денуклеаризацияга жавобан АҚШнинг ҳеч қандай ҳаракат қилмаётганини таъкидлаб келади.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ханойда КХДР раҳбари билан бўлиб ўтган учрашуви ҳеч қандай натижа бермади. Унда Пхеньян бор-йўғи ядро синовини ўтказмасликка, яқин ва ўрта масофага парвоз қиладиган қитъалараро баллистик ракеталарни учирмасликка ваъда берганди.
Шимолий Корея сўнгги вақтларда Вашингтонга йил охирида муддат тугаётгани ҳақда тез-тез эслата бошлади. Пхеньяннинг фикрича, ушбу муддат ичида .Вашингтон Пхеньянга Корея яриморолида вазиятни ижобий ҳал этиш учун янги таклифини тақдим этиши керак. Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлигининг баёнот беришича, КХДР АҚШ томон етарлича қадамлар ташлади, агар Вашингтон жавоб тариқасида ҳеч қандай иш қилмаса, унда “Рождество совғасини“ олади.
Шимолий Кореянинг ракета учиришлари табиийки, энг биринчи Жанубий Корея билан Японияни қаттиқ ташвишга солиб келади. Чунки, Пхеньян учирган ракеталар Жанубий Корея ҳамда Япония денгиз ҳудудларига яқин жойга тушади. Шу боис ҳар гал Шимолий Корея ракета синовини ўтказганда Сеул ҳамда Токио кескин норозилиги маълум қилади. Бу гал ҳам худди шундай бўлди.
Жанубий Корея мудофаа вазири Чон Гён Ду КХДРнинг амалга оширган ракета двигатель синови Сеулни қаттиқ ташвишга солганини таъкидлади, – деб ёзади Корея Республикаси ахборот агентлиги “Рёнхап“.
Бундан аввал Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари КХДР 7 декабрда Сохэ космодромида синов ўтказаётган пайтда янги турдаги ракета учун мўлжалланган двигателни икки марта текширувдан ўтказган ва янги йилга қадар яна бир бор учириши мумкинлигини ёзган эди.