Йиллар ўтса ҳам йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳар бир мамлакатда ҳамиша ўз аҳамияти ва долзарблигини йўқотмайди.
Айниқса, светофорсиз пиёдалар ўтиш жойларидаги тартибсизликларни бартараф этиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Шу муаммони ҳал этиш мақсадида Наманган давлат университети талабалари инновацион лойиҳани илгари сурмоқда.
Лойиҳа муаллифи Баҳодирхон Аҳмедов ва унинг жамоаси пиёдалар йўлакларига ақлли маркет ўрнатишни таклиф қилмоқда. Ушбу қурилма йўл белгиси шаклида бўлиб, доимий камера назоратида ишлайди. Унинг асосий вазифаси – пиёдани аниқлаш ва ҳайдовчиларни бу ҳақда огоҳлантириш. Аниқроқ айтганда, пиёда йўлакка қадам қўйиши билан ақлли маркетда қизил чироқ ёнади. Ҳайдовчи бу сигналдан пиёда йўлда эканлигини билиб, машинани тўхтатади. Пиёда йўлакдан ўтиб бўлгач, сигнал автоматик равишда ўчади.
– Инновацион ишланмадан мақсад – светофорсиз пиёдалар ўтиш жойларида хавфсизликни таъминлашга қаратилган. Кундалик ҳаётда кўплаб бахтсиз ҳодисаларга гувоҳ бўлиб, бу муаммони технологик ечим орқали ҳал қилиш фикри туғилди, – дейди ёш ихтирочи йигит. – Жараёнда жамоавий ишлаш, сунъий интеллект асосида ҳаракатни аниқлаш, ва огоҳлантирувчи тизимларни интеграциялашни ўргандик. Ишончимиз комилки, ушбу лойиҳа амалиётга жорий қилинса, кўплаб инсон ҳаёти сақлаб қолинишига хизмат қилади.
Дарҳақиқат, Наманган давлат университети талабаларининг ушбу инновацион ғояси – янги технология айниқса, қишлоқ ҳудудлари ва шаҳар чеккаларида пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга катта ёрдам беради. Лойиҳа амалиётга кенг жорий қилинса, натижада йўл ҳаракати хавфсизлиги сезиларли даражада яхшиланиши ва бу пиёдалар ҳамда автотранспортлар билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинишида муҳим қадам бўлиши мумкин.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА