Пискентлик пиллакорларнинг шашти баланд
Мамлакатимизда яна бир муҳим мавсум бошланди. Деҳқонча қилиб айтганда пиллакорнинг “пайтавасига қурт” тушди.
Пиллакорларнинг бир ойлик меҳнати бир йиллик иш стажига ўтади, бу давлат кафолати. Пилла ҳосили қанча юқори бўлса, даромади ҳам шунча яхши бўлади. Ўтган йили Тошкент вилояти Пискент туманида ҳам шундай бўлди. Икки- уч қути ипак қурти боқиб сифатли хом- ашё топширган пиллакорларнинг чўнтаги пулга тўлган. Бу ёқда ўтин жамғарилгани, одамларнинг мавсумий бўлса-да иш билан таъминланганини айтмайсизми. Ҳатто баъзилар “Кобальт” ё “Ласетти” машинасида, айримлар электромобилида тут баргини ташиди. Фойдаси аниқ-да. Пилла топширса бас тарози бошида ҳар килосига 40 минг сўмдан пул олади. Пиллани тиллага айлантиришни кўзлаётган тадбиркор илғор пиллакорларга мукофот ҳам ваъда қилган. Шу боис бу йил пискентлик уста пиллакорларнинг ғайрати, шашти баланд.

Туман “Агропилла”идораси раҳбари Санобар Жўраеванинг таъкидлашича, жорий йил тумандаги фермер хўжаликлари билан 2141 қути, касаначилар билан 900 қути, жами 3 минг 41 қути ипак қурти боқиш учун шартномалар тузилган. Мақсад 182 тонна пилла хомашёсини яратиш.
– Ўзим каби ипак қуртига меҳри тушган ишчан аёлларни кўрганда қувониб кетаман, беихтиёр ҳосилга барака, дейман. Умрингизга барака, дейишади улар ҳам. Ёш пиллакор дўстларимдан эса маслаҳатимни аямайман. Улар ҳам сўрашдан чарчамайди. Аслида пилла боқиш орқали рўзғорга қўшимча пул кириб келса ким қувонмайди, дейсиз. Бу ишсиз ўтирган ё турли сабабга кўра камбағаллар рўйхатига тушиб қолган аёллар учун жуда қулай. Қолаверса бу соҳанинг даромади, одамга хуш ёқади, жуда баракали. Буни 40 йиллик пиллакор сифатида яхши биламан, – дейди Санобар Жўраева. – Бу йил туманимиз ҳокими пиллачиликка жиддий эътибор қаратди. Янги тут кўчатлари экилди, тутзорлар суғорилди. Бундан ташқари, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида туманнинг турли ҳудудларидаги бўш турган бинолар таъмирдан чиқарилди. Ишсиз аёллар иштирокида 50 қути ипак қурти боқишга киришилди. Бу ташаббусга қўшилган аёлларнинг ғайрат ва шижоатини, мамнунлигини кўриб хурсанд бўласиз. Биз билан пилла хом-ашёсини қабул қилиш бўйича шартнома тузган "Huading Industrial" МЧЖ ХК корхонаси раҳбарлари вазиятни ўз назоратига олган. Улар ипак қурти боқиш жараёнида пайдо бўлаётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этмоқда. Ана шу сабабли ҳам баралла айта оламанки, бу йил пискентликлар пилла етиштириш бўйича тузилган шартномани вилоятда биринчи бўлиб уддалашади.

Абдунаби Алиқулов, ЎзА