Пискент туманидаги айрим раҳбарлар ишдан олинди
Тошкент вилояти Пискент туманида ўтган йил сарҳисоби ва 2023 йилги иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган тадбирда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди.
Вилоят ҳокими туманда кейинги пайтда ижтимоий-иқтисодий йўналишда кўплаб масалалар тўпланиб қолгани, муаммоларни ҳал этишда туман раҳбарияти ишни бўшаштириб юборганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, туман даражасидаги айрим раҳбарларнинг хизмат вазифасига совуққонлик билан қараши туфайли ижро тизимининг иш услуби мутлақо қониқарсиз экани аниқ рақамлар ва мисоллар билан қайд этилди. Ишда йўл қўйган жиддий камчиликлари учун туман ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Мирюнусов, Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази раҳбари С.Қўчқорхўжаев, Бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари О.Бухоров вазифасидан озод этилди. Бу мутасаддиларга қуйи тизимда - маҳаллада ишлаш, хусусан, энг шароити оғир маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолиятини давом эттириш тавсия этилди.

Бундан ташқари, туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари С.Тулепов 3 ой синов муддати билан лавозимида "вазифа бажарувчи" мақомида қолдирилди. Қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Б.Раҳмонбердиев йўл қўйган хато ва камчиликлари учун лавозимидан озод этилди.
Йиғилишда Тошкент вилояти прокурори Ш.Раҳимов ҳудудда қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ижтимоий соҳада йўл қўйилган қонун бузарлик ҳолатлари ҳақида маълумот берди. Қонун устуворлигини таъминлашда депутат, жамоатчилик назорати муҳимлигини қайд этди.
– Машҳур мутафаккирнинг “Кимгадир нафим тегмаган кунни умрим ҳисобига қўша олмайман”, деган сўзлари ҳар бир раҳбарнинг ёдига муҳрланиши керак. Айниқса, Пискент туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2023 йилги режалар ижросини сўзсиз таъминлашимиз шарт, – деди Зойир Мирзаев.
А. Мусаев,
ЎзА.