Австралияда PISA 2025 тадқиқоти – «Миллий лойиҳа менежерларининг учинчи учрашуви» ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон вакиллари ҳам қатнашмоқда.
Жорий йилнинг 10–14 ноябрь кунлари Австралиянинг Мельбурн шаҳрида PISA 2025 тадқиқоти «Миллий лойиҳа менежерларининг учинчи учрашуви» бўлиб ўтмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ҳамда Австралиянинг ACER ташкилотлари томонидан ташкил этилган учрашувда 91 та давлат ташриф буюрган 200 нафардан ортиқ мутахассислар қаторида Ўзбекистон вакиллари сифатида А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ва Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ходимлари иштирок этишмоқда.
Учрашувда қуйидаги асосий мавзулар муҳокама қилинмоқда:
— тажриба синови жараёнларидан олинган хулосалар ва фикр-мулоҳазалар ҳақида маълумот тақдим этиш;
— асосий тадқиқотга тайёргарлик жараёнлари ва уларнинг амалга оширилиши бўйича мониторинг ишларини олиб бориш;
— PISA 2025 тадқиқотида янги инновацион йўналиш бўлган «Рақамли дунёда ўрганиш» (LDW) бўйича асосий тадқиқот жараёнларида рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш;
— табиий фанлар саводхонлиги қамров доирасини такомиллаштириш бўйича таклифлар.
ЎзА