Пинлу канали: Хитойнинг жануби-ғарбий ҳудудларидан денгизга янги йўл
Хитойда 16 сентябрь куни мамлакатнинг ички ҳудудларини денгиз билан боғлайдиган йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири – Пинлу канали расман ишга туширилди. Янги сув йўли мамлакат жануби-ғарбий ҳудудларининг денгизга чиқиш имкониятларини кенгайтириш билан бирга, Хитойнинг Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантириш учун ҳам янги имкониятлар яратади.
Пинлу канали Хитой Халқ Республикаси ташкил топганидан буён давлат миқёсида ягона режа асосида барпо этилган, дарёларни денгиз билан тўғридан-тўғри боғлайдиган биринчи йирик канал лойиҳасидир. У Ғарбий қуруқлик-денгиз янги савдо йўлагининг таянч инфратузилма объектларидан бири ҳисобланади.
Каналнинг шимолий қисми Гуанси-Чжуан автоном районининг Наньнин шаҳрига қарашли Хэнчжоу ҳудудидаги Пинтанцзян дарёси бўйидан бошланиб, жанубда Циньчжоу орқали Бэйбу кўрфазига чиқади. Унинг умумий узунлиги 134,2 километрни ташкил этади.
Лойиҳа 2022 йил 28 августда бошланган бўлиб, қурилиш ишлари тўрт йил давом этди. Канал Хитойнинг ички сув йўлларига қўйиладиган I даражали талаблар асосида барпо этилган ва 5000 тонна юк сиғимига эга кемалар ҳаракати учун мўлжалланган.
Пинлу каналининг аҳамияти, аввало, Хитой жануби-ғарбидаги ҳудудларнинг денгиз портларига чиқиш йўлларини қисқартиришида намоён бўлади.
Узоқ вақт давомида ушбу ҳудудлардан келадиган юклар денгиз портларига чиқиш учун асосан шарқ томонга – Сицзян дарёси орқали Гуанчжоу ва бошқа портлар йўналишида ҳаракатланган. Бу эса масофанинг узайиши ва логистика харажатларининг ортишига олиб келган.
Янги канал Сицзян дарёси сув тизимини Бэйбу кўрфази билан боғлаб, жануб томонга тўғридан-тўғри сув йўлини очди. Натижада Хитойнинг жануби-ғарбий ҳудудлари учун денгизга чиқишнинг муқобил йўналиши пайдо бўлди.
Расмий маълумотларга кўра, Пинлу канали орқали жануби-ғарбий ҳудудлардан денгиз портларига етказиладиган юклар учун ички сув йўли масофаси анъанавий йўналишларга нисбатан 560 километрдан зиёд қисқаради. Бу эса умумий логистика харажатларини 18-30 фоизга камайтириш имконини беради. Йиллик транспорт харажатларини тежаш ҳажми 5 миллиард юандан ортиқ бўлиши кутилмоқда.
Шу тариқа, Пинлу канали Хитойнинг ички ҳудудларидан денгиз портларига юк ташишни тезлаштириш, харажатларни камайтириш ва транспорт тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Янги сув йўлининг яна бир муҳим жиҳати уни темир йўл ва автомобиль йўллари билан уйғунлаштириш имкониятидир.
Пинлу канали Ғарбий қуруқлик-денгиз янги савдо йўлаги таркибида темир йўл, автомобиль ва денгиз транспорти билан ўзаро боғлиқ ягона логистика тизимини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу Хитойнинг марказий ва ғарбий ҳудудларидан келадиган маҳсулотларни Бэйбу кўрфази портлари орқали халқаро бозорларга чиқариш имконини оширади.
Каналнинг очилиши билан бир вақтда янги юк ташиш йўналишлари ҳам йўлга қўйилди. Жумладан, Наньнин – Вьетнамнинг Канто шаҳри ташқи савдо йўналиши ва Наньнин – Хайнань оролидаги Янпу порти ички савдо йўналиши бўйича қатновлар бошланди.
16 сентябрь куни канал орқали 30 та юк кемаси ҳаракатланган. Улар орасида экспорт ва импорт юкларини ташиган кемалар бўлган.
Айни пайтда Хуайхуа каби Хитойнинг ички ҳудудларида ҳам “темир йўл + канал + денгиз порти” тамойилига асосланган мультимодал ташиш тизимлари йўлга қўйилмоқда. Бундай ёндашув ички ҳудудлардан Бэйбу кўрфази портлари орқали ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиради.
Пинлу каналининг ишга туширилиши Хитойнинг ички транспорт тизими учунгина эмас, мамлакатнинг Жануби-Шарқий Осиё билан иқтисодий алоқалари нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бэйбу кўрфази портлари орқали Хитойнинг жануби-ғарбий ҳудудлари Жануби-Шарқий Осиё бозорларига янада яқинлашади. Янги сув йўли эса ушбу географик яқинликни транспорт ва логистика имкониятлари билан мустаҳкамлайди.
Хитой расмий манбалари Пинлу канали орқали мамлакатнинг Жануби-Шарқий Осиё давлатлари бозорларига чиқишини янада қулайлаштириш, минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва Ғарбий қуруқлик-денгиз янги савдо йўлагининг имкониятларини кенгайтириш мақсад қилинганини таъкидламоқда.
Хорижий оммавий ахборот воситалари ҳам янги каналнинг минтақавий савдодаги аҳамиятига эътибор қаратмоқда. Хусусан, халқаро хабарларда Пинлу канали Хитойнинг жануби-ғарбий қисми ва Жануби-Шарқий Осиё ўртасидаги савдо йўналишини қисқартириши, логистика харажатларини камайтириши ва Бэйбу кўрфази орқали халқаро бозорларга чиқишни енгиллаштириши қайд этилган.
Пинлу каналининг тарихий аҳамияти ҳам диққатга сазовор.
Бундан бир асрдан ортиқ вақт аввал Сунь Ятсен ўзининг “Давлат қурилиши стратегияси” асарида Циньчжоуни муҳим денгиз портига айлантириш, Сицзян ва Бэйбу кўрфази ўртасида сув йўлини ривожлантириш ғоясини илгари сурган эди. Бу ғоя бугунги Пинлу канали лойиҳасининг тарихий асосларидан бири сифатида қайд этилади.
Хитой тарихида каналлар нафақат транспорт воситаси, балки иқтисодий ва ҳудудий тараққиётнинг муҳим омили бўлиб келган. Қадимги Линцюй канали, Суй ва Тан сулолалари даврида шаклланган Буюк канал ҳамда Пекин – Ханчжоу Буюк канали мамлакат ҳудудларини ўзаро боғлаш, савдо ва маданий алмашинувни ривожлантиришда муҳим роль ўйнаган.
Бугун эса Пинлу канали ана шу тарихий анъананинг замонавий давомидек, дарёларни денгиз билан, ички ҳудудларни халқаро бозорлар билан боғлайдиган янги транспорт артерияси сифатида иш бошлади.
Каналнинг аҳамияти унинг 134,2 километрлик сув йўли билан чекланмайди. У Хитойнинг ғарбий ва жануби-ғарбий ҳудудларини Бэйбу кўрфази орқали ташқи бозорларга боғлайдиган мультимодал транспорт тизимининг муҳим бўғинига айланиши кутилмоқда.
Шу маънода, Пинлу канали Хитойнинг транспорт харитасида янги йўналишни очиш билан бирга, мамлакат ички ҳудудларининг ташқи бозорларга чиқишини енгиллаштирувчи ва савдо алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилувчи стратегик инфратузилма объекти сифатида намоён бўлмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА