ПИнинг Женевадаги ҳисоботида Тошкентда ўтган 150-юбилей ассамблея илғор тажриба сифатида эътироф этилди
Парламентлараро иттифоқ (ПИ)нинг Женева шаҳрида эълон қилинган 2025 йил якунлари бўйича расмий йиллик ҳисоботида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 150-юбилей ассамблеяси ташкилотнинг энг муҳим воқеаларидан бири ҳамда парламент дипломатиясидаги илғор тажриба сифатида юксак баҳоланди.
2025 йил 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган мазкур нуфузли халқаро форум нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун тарихий аҳамиятга эга воқеага айланди.
Минтақада илк бор ташкил этилган ПИ ассамблеяси парламентлараро мулоқот ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, Ўзбекистоннинг глобал парламент майдонидаги нуфузи ва ташаббускорлик салоҳиятини янада мустаҳкамлади.
ПИнинг 2025 йил фаолиятига бағишланган йиллик ҳисоботида ташкилотнинг парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, демократия ва инсон ҳуқуқларини илгари суриш, барқарор ривожланиш мақсадларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширган ишлар кенг таҳлил қилинган. Ҳужжатда Ўзбекистоннинг парламент соҳасидаги қатор ташаббуслари ҳамда амалий тажрибаси алоҳида эътироф этилиб, бошқа мамлакатлар учун илғор намуна сифатида кўрсатилган.
Ҳисоботда 2025 йил давомида ПИ томонидан 80 халқаро тадбир, жумладан иккита ассамблея ҳамда парламентлар институционал салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган 40 та миллий тадбир ташкил этилган. Шунингдек, парламент аъзолари ҳуқуқларининг бузилишига оид 1 минг 27 та мурожаат кўриб чиқилган, ташкилот фаолияти эса оммавий ахборот воситаларида қарийб 30 минг марта ёритилган.
Ҳисоботда 2025 йил учун парламентлар фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида парламент самарадорлигини ошириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий иштирокини кенгайтириш, сунъий интеллектни ҳуқуқий тартибга солиш, дезинформацияга қарши курашиш, иқлим ўзгариши масалаларида парламент назоратини кучайтириш, парламент дипломатиясини ривожлантириш ҳамда ташкилот фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш каби вазифалар белгилаб ўтилган.
Ҳисоботнинг алоҳида бўлими Тошкентда бўлиб ўтган 150-юбилей Ассамблеясига бағишланган бўлиб, унда форумнинг юксак ташкилий савияда ўтказилгани ва Марказий Осиё мамлакатлари тарихида илк бор ПИ ассамблеясига мезбонлик қилингани алоҳида таъкидланган.
Ассамблея иштирокчилари таркиби ҳам юқори баҳоланган. Хусусан, парламент аёл аъзолари улуши 37 фоиздан ошгани қайд этилиб, бу кўрсаткич 2022 йилдан буён кузатилган энг юқори натижа сифатида эътироф этилган.
Ҳисоботда Ассамблеянинг энг муҳим сиёсий ҳужжати ҳисобланган Тошкент декларациясига ҳам алоҳида ўрин берилган. Унда парламентлар камбағалликни қисқартиришга қаратилган самарали сиёсатларни шакллантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатларини таъминлайдиган демократик иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект каби замонавий технологияларни самарали ҳуқуқий тартибга солишга хизмат қилувчи институтларни мустаҳкамлашга чақирилгани қайд этилган.
Ассамблея доирасида ПИнинг «Парламентларда гендер тенглигига эришиш йўлидаги 10 та амалий ҳаракат» номли янги халқаро ташаббуси тақдим этилгани ҳам ташкилотнинг муҳим амалий натижаларидан бири сифатида юқори баҳоланган.
Йиллик ҳисоботда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига бағишланган семинарлар ташкил этилгани, шунингдек, Олий Мажлис Сенати томонидан ПИ қарор ва тавсияларини миллий ривожланиш устувор йўналишлари билан уйғунлаштиришга қаратилган «йўл харитаси» қабул қилингани ҳам илғор тажриба сифатида эътироф этилган.
Энг муҳими, ПИ экспертлари Олий Мажлис Сенатининг ассамблея ташаббуслари ва қарорларини миллий даражада амалга оширишга қаратилган тизимли, изчил ва натижадор ёндашувини барча парламентлар учун намунавий тажриба сифатида баҳолаган. Бу эса, Ўзбекистоннинг парламент ислоҳотлари, халқаро парламент дипломатияси ва глобал ташаббусларни миллий амалиётга самарали татбиқ этиш борасидаги тажрибаси халқаро миқёсда эътироф этилаётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир.
Н.Абдураимова, ЎзА