
Нега сермаҳсул маҳаллий навларни кўпайтириш ўрнига хориждан уруғ сотиб оляпмиз?
Пиллачилик заминимизда мавжуд қадимий фаолият турларидан бири ҳисобланади. Узоқ ўтмишда савдо-сотиқ пул ва бошқа тўлов воситалари ўрнида пилла, ипак маҳсулотларини айирбошлаш орқали амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда маълумотлар бор. Шарқ ва Ғарбни боғлаган қадимий карвон йўли ҳам “Ипак йўли” деб номлангани бежиз эмас.
Бир неча минг йиллик тарихга эга соҳа бугун ҳам мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутади.
Самарқанд вилоятида шу кунларда 4 минг тонна ҳосил олишни кўзлаб, 64,6 минг қути ипак қурти парваришланмоқда. Бу юмуш билан 45 минг 200 нафардан ортиқ хотин-қиз машғул. Етиштирилган пилла 11 та пиллачилик кластери томонидан харид қилиниб, тола ва ипак маҳсулотлари сифатида экспорт қилинади, ички бозорга чиқарилади.
Бир қараганда ҳаммаси рисоладагидек. Аммо соҳа ичига кириб, мутахассислар билан суҳбатлашсангиз, пиллачиликда муваффақиятлар билан бирга ечимини кутаётган масалалар ҳам борлигига амин бўласиз. Айниқса, уруғчилик масаласида. Бу ҳақда тажрибали пиллакор, соҳа фахрийси, “Самарқанд пилла уруғчилик” масъулияти чекланган жамияти раҳбари маслаҳатчиси Салоҳиддин Бобомуродовнинг ҳам айтар сўзлари бор.
– Ипакчилик қадимий соҳа, бу халқимизнинг, давлатимизнинг бойлиги, – дейди Салоҳиддин Бобомуродов. – Пиллачиликни ривожлантириш мақсадида кейинги йилларда Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди. Соҳа ишини замон талаблари асосида ташкил этиш, энг муҳими, бундан халқимиз манфаатдорлигини ошириш ва давлатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш учун яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Масалан, 2017 йилдан ипак қурти парваришлайдиган хотин-қизларнинг бир ойлик меҳнати учун бир йиллик иш стажи ёзиладиган бўлди. Бу халқимизга манзур бўлди ва ипак қурти боқувчилар кўпайди. Уруғчилик бўйича ҳам 2019 йилда республикамизнинг беш ҳудудида пилла наслчилик станциялари ташкил этишга қарор қилинди. Ўтган йил 3 майда қабул қилинган Президент қарорида эса “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг Фарғона ва Хоразм вилоятларида Ипакчилик илмий-тадқиқот институти тасарруфидаги давлат муассасаси шаклидаги наслли уруғчилик станциялари ташкил қилиш бўйича таклифи маъқулланди. Шунингдек, ушбу қарорда 2025 йил якунига қадар наслли уруғчилик станцияларида маҳаллий ипак қурти уруғи ишлаб чиқарилишини ва пилла етиштирувчиларга сотилишини таъминлаш вазифаси ҳам қўйилганди. Пилла наслчилик бўлмаса соҳада иш олдинга кетмайди-да.
Демоқчиманки, Президентимиз пиллачилик бўйича соҳа масъуллари томонидан қанақа таклиф киритилаётган, лойиҳалар тақдим этилаётган бўлса, қўллаб-қувватлаяпти, имконият яратиб бермоқда. Аммо бу имкониятлардан самарали фойдалана олмаяпмиз.
Уруғчилик ҳақида гап кетганда эса юрагим оғрийди. Сабаби – мен 2000 йилда ушбу корхонада иш бошлаганимда бу ерда ҳар йили 30-40 минг қути, Каттақўрғон туманидаги уруғчилик корхонасида ҳам 50 минг қутигача ипак қурти уруғ тайёрланарди. Самарқанд шаҳрида пилла наслчилик станцияси фаолият кўрсатарди. Шу тариқа йилига 70-80 минг қути ипак қурти уруғи тайёрлаб, вилоятимиз эҳтиёжини қоплаб, республикамизнинг бошқа ҳудудларига, ҳатто қўшни давлатларга ҳам етказиб берардик. Энди эса вилоятимизда битта бизнинг корхона йилига 5-7 минг қути маҳаллий ипак қурти уруғи тайёрлаб, кластерларга етказиб беряпмиз. Пилла наслчилик станцияси ва Каттақўрғондаги уруғчилик корхонаси ҳам ёпилиб кетди. 57 йилдан буён шу соҳада ишлаётганим, маҳаллий пилла уруғларини сақлаб қолиш учун ҳам шу корхонани ушлаб турибмиз.
Салоҳиддин аканинг айтишича, ҳозир республикамизга ҳар йили ипак қурти уруғининг 85-90 фоизи хориждан валюта ҳисобига келтирилмоқда. Маҳаллий навларга эса умуман эътибор қаратилмаяпти. Ваҳоланки, Хитойдан келтираётган уруғга нисбатан ўзимизнинг маҳаллий навлар самарали, ҳосилдор ҳисобланади.
– Аслида, Президентимиз четдан элита ва супер элита уруғ олиб келиб, ўзимизга мослаштириш ва шу орқали маҳаллий навларни янгилаш вазифасини қўйган, – дея сўзида давом этади С.Бобомуродов. – Ўтган йил 80 фоизгача маҳаллий уруғ тайёрлансин, деган топшириқ ҳам берилганди. Лекин бизнинг мутасаддилар маҳаллий уруғчиликни ривожлантириш ўрнига ипак қурти уруғини тўлиқ хориждан сотиб олишни афзал кўряпти. Ҳозир ишлаб турган биз каби 4-5 та уруғчилик корхонасида тайёрланаётган маҳаллий уруғлар эса кластерлар ёки фермер хўжаликларига тақсимот қилинмаяпти. Хитойдан катта маблағ эвазига импорт қилинаётган уруғ, керак бўлса, ортиғи билан олиб келиниб, кластерларга тарқатиляпти.
Шу ўринда савол туғилади – хориждан келтирилаётган уруғ маҳаллий уруғдан арзон ёки серҳосилми?
Бу йил Хитойдан келтирилган уруғ нархи 13 АҚШ доллари (160 минг сўм) атрофида бўлган. Бизнинг маҳаллий навлар эса 130-140 минг сўмга тушяпти. Агар биз тайёрлаётган маҳаллий уруғ ҳам тақсимот асосида сотилиб, ўз вақтида пули тўланса янада кўпроқ ишлаб чиқариш ва таннархни 80-100 минг сўмга тушириш мумкин. Ҳосилдорлиги эса Хитойдан олиб келинган ипак қурти уруғи пилласи 1, 1,2 ҳатто 0,8 грамм атрофида чиқяпти. Ўзимизники эса 1,8, 2 ва 2,2 грамгача тош босяпти. Оддий арифметика, қайси бири самарадорлиги яққол кўриниб турибди. Лекин буни соҳа мутахассаддилар англамаяпти, давлатнинг катта маблағи хорижга чиқиб кетяпти. Энг ёмони, ипак қурти уруғчилиги йўқолиб, соҳа тўлиқ хориж уруғига қарам бўлиб қолиши мумкин.
Салоҳиддин аканинг куйиниши бежиз эмас. Ўзи айтганидек, бир пайтлар йилига 30-40 минг қути ипак қурти уруғи тайёрланган, 50 дан ортиқ ходим доимий ишлаган корхонада бугун ўша маҳсулотнинг ўндан бири тайёрланяти. Ишчи-ходимлар ҳам шунга яраша. Ҳозирда корхона Самарқанд ва Жомбой туманларидаги фермер хўжаликлари билан шартнома асосида йилига улар томонидан етиштирилган 50-55 тонна уруғлик пиллани қабул қилиб, шундан 12 турдаги уруғлик тайёрламоқда. Пиллакорлар ҳар бир қути ипак қурти уруғидан 60 килограм ва ундан ортиқ ҳосил олмоқда.
– Ипак қурти уруғчилигидаги яна бир муаммо соҳа учун мутахассислар етишмаслиги ва ишчи кучи камлигида, – дейди Салоҳиддин Бобомуродов. – Илгари Самарқанд пилла наслчлик станциясида элликдан ортиқ мутахассис ишларди. Лаборатория бор эди. Бу наслчилик станцияларида ипакчилик илмий-текшириш институтида ишлаётган олимлар яратган янги навлар кўпайтириларди, бу ишни мутахассислар бажарарди. Станция ёпилиб кетгач, бу ходимлар ҳам бошқа соҳаларга ўтиб кетди, икки-уч нафари бизга келиб ишлаяпти. Ўзимизда ҳам авваллари 40 нафардан ортиқ лаборант-агроном мутахассис ишлаган. Улар микроскопда пилланинг касаллиги бор-йўқлигини аниқлаб берарди, лекин ҳозир унча ишчига маош тўлашга имкониятимиз йўқ. Шунингдек, мутахассислик талаб қилинмайдиган ишчи кучини уруғчиликка жалб қилиш ва уларга ҳақ тўлаш ҳам оғир масала бўлиб турибди. Ипак қурти уруғини техника ёки механизация ёрдамида тайёрлаб бўлмайди, бу иш тўлиқ қўл меҳнатига асосланган.
[gallery-23513]
Аммо мавсумда ишчиларни жалб қилиш учун уруғчилик корхоналарига давлат томонидан субсидия берилиши керак ёки тайёрланаётган уруғга кафолатли буюртма, харидор зарур. Биргина бизнинг корхонамиздан олиб кетилган уруғ бўйича кластерлар 1 миллиард сўм қарздор. Хитойдан уруғ олиб келиш учун пулни олдиндан тўлаб беришади, лекин ўзимизникига қолганда ана шундай муносабатда бўлишади. Бу охир- оқибат зўрға ишлаб турган уруғчилик корхоналарини ҳам инқирозга олиб келади. Мени шу нарса ташвишга солади, ўзимизнинг маҳаллий ипак қурти уруғлари йўқолиб кетишидан қўрқаман. Уруғчиликни сақлаб қолайлик, пилла наслчилик станциялари ва уруғчилик корхоналарини қўллаб-қувватлайлик деб “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига мурожаат қилдим. Кейинги пайтда катта-кичик давраларда ҳам бу ҳақда кўп гапиряпман. Ҳозирча натижа сезилмаётган бўлса-да бундан умидворман.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/1xnzd1_rLZ4?si=bmiiQ3h74Jh3ByGe" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (видео, сурат),
ЎзА мухбирлари