Пиллачилик қадриятлар уйғунлигига хизмат қилади
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларда пиллачилик соҳаси алоҳида ўрин тутади.
Асрлар давомида халқимиз турмуш тарзи ва миллий қадриятлари билан уйғунлашиб кетган мазкур соҳа бугун нафақат иқтисодий аҳамияти, балки аҳоли даромадини ошириш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашдаги ўрни билан ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Хусусан, шу кунларда Оҳангарон туманида ҳам пилла мавсумининг энг масъулиятли палласи — илк ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари қизғин тус олди. Туманда пилла етиштириш билан шуғулланаётган меҳнаткаш пиллакорлар томонидан бу йил жами 2 минг 500 қути ипак қурти парвариш қилиняпти. Белгиланган йиллик режага кўра, жорий мавсумда 151 тонна пилла етиштириш мақсад қилинган.

Қувонарлиси, мавсумнинг дастлабки кунларидаёқ пиллакорлар томонидан хирмонга 6,3 тонна пилла топширилди. Бу эса соҳадаги ишлар уюшқоқлик билан ташкил этилгани, пилла парвариши агротехник талаблар асосида олиб борилгани ҳамда аҳолининг бу соҳада етарли тажрибаси ва меҳнатсеварлигини кўрсатади.
Аслида пиллачилик нафақат меҳнат, балки сабр, масъулият ва бирдамликни талаб қиладиган соҳадир. Айниқса, ипак қуртини парвариш қилиш жараёнида ҳар бир кун, ҳар бир соат муҳим аҳамиятга эга бўлади. Шу боисдан ҳам мавсум давомида маҳаллаларда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳити янада кучаяди. Пилла йиғиш ишлари давомида қўни-қўшнилар бирлашиб, хонадонларга кўмакка чиқмоқда. Айниқса, онахонлар, фахрийлар ва маҳалла фаоллари ҳашарларда фаол иштирок этиб, ёшларга ҳамжиҳатлик ва барака қадриятларини уқтирмоқда.

Пилла йиғиш жараёнларида, айниқса, аёллар меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ. Улар ипак қуртини парвариш қилиш, уни озиқлантириш ва пиллани саралаш ишларида катта маҳорат намоён этган бор гап. Бу эса пиллачилик соҳасида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қиляпти.
Бундан ташқари, соҳада самарадорликни ошириш мақсадида туманда пиллакорларга зарур амалий ёрдамлар кўрсатилиб, мутахассислар томонидан тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда. Шунингдек, пиллани ўз вақтида қабул қилиш, унинг сифатини сақлаш ва пиллакорларни муносиб рағбатлантириш чоралари ҳам изчил ташкил этилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА