Пилла топшириш бошланди
Сурхондарё вилояти пиллакорлари жорий йил ҳосили учун парваришланган ипак қуртидан етиштирилган пилла ҳосилини йиғиштириб олиб, қабул шохобчаларига топширмоқда.
Бу йил воҳанинг Ангор туманида 3 минг 58 қути ипак қурти парваришланди. Айни пайтда етиштирилган мўл ҳосил йиғиб олинмоқда.

Туманнинг Зартепа маҳалласида яшайдиган моҳир пиллакор Шаҳноза Холмирзаева турмуш ўртоғи билан 15 қути ипак қуртини боқиб, салмоқли ҳосил тўплади. Шу кунларда пилла хом ашёси йиғиб олиниб, пешма-пеш қабул шохобчасига етказиб берилмоқда. Тажрибали пиллакор оила қабул масканига 900 килограммдан ортиқ сифатли пилла топширади.


Жорий йил баҳорги мавсумда ангорлик пиллакорлар 184 тоннадан ортиқ сифатли хом ашё йиғиб олишни мўлжалламоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири