Пилла боқиш мавсуми давом этмоқда
Ипакдан тўқилган матолар ҳамиша харидоргир бўлиб келган. Шу боис Шарқда қадим-қадимдан ипак қурти боқиш ва ипак матолар тайёрлаш анъанага айланган.
Айни пайтда Қашқадарё вилоятида ҳам ипак қурти боқиш мавсуми уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Хусусан, вилоятнинг Шаҳрисабз тумани пилла хомашёсини етиштириш бўйича вилоятда етакчи ўринларда туради. Жорий йилда туманда 5 минг 417 қути ипак қурти парвариш қилиниб, 365 тонна пилла хом ашёсини етиштириш режалаштирилган. Жумладан 516 та фермер хўжалиги билан 2 минг 686 қути– 181 тоннага, 1 минг 630 нафар тутзорларга бириктирилган касаначилар билан 2 минг 731 қути– 184 тоннага пилла хомашёси етиштирилиши бўйича шартномалар тузилган.
Туман ҳудудларида пилла хомашёсини етиштиришда озуқа базаси ҳисобланган 589 гектар тутзор мавжуд бўлиб, ижара шартномаси асосида 1 минг 630 та касаначига берилган. Бундан ташқари, фермер хўжаликларининг дала четларида 225 минг тупдан ортиқ баланд танали тутлар мавжуд.
– Туманимизда 2024 йил пилла хомашёсини етиштириш учун 5417 қути ипак қурти уруғлари ҳудудларда мавжуд 54 та инкубацияда очирилиб, 19-24 апрель кунларида 516 та фермер хўжалиги ва 1630 нафар тутзорларга бириктирилган касаначига тарқатилди, – дейди Шаҳрисабз “Агропилла” МЧЖ раиси Бекзод Эргашев. – Бундан ташқари, туманимиз ҳудудларида ипак қуртларини боқаётган фермер хўжаликларининг пилла боқувчилари ва тутзорларга бириктирилган касаначилар ипак қуртлари билан биргаликда керакли инвентарлар: ўрама қоғоз, термометр, плёнкалар билан тўлиқ таъминланган. Жорий йилда 1 килограмм пилла хомашёсининг ўртача харид нархи 40 минг сўм қилиб белгиланди.
Тумандаги Чорбоғ маҳаласидаги 8 та фермер хўжалиги ва 12 нафар касаначи ҳам айни кунларда пилла қурти боқиш билан машғул.
[gallery-17218]
Масалан, ҳудуддаги “Умиров Акобир” фермер хўжалигининг 30 гектар ер майдони бор. Хўжалик аъзоларига ер майдони ҳажмидан келиб чиқиб, беш қути пилла қурти тарқатилган.
– Айни пайтда парваришланаётган пилла қуртимиз иккинчи уйқудан турди, – дейди Гулжаҳон Нуралиева. – Ҳар йили 300 килограмм атрофида пилла топширамиз. Уни парваришлаш учун ҳамма шароитлар қилинган. Беш нафар маҳалламиздаги хотин-қизни мавсумий иш билан таъминлаганмиз. Бериладиган иш ҳақидан ташқари уларга бир йиллик меҳнат стажи ҳам ёзилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари