Пешкуда яна бир корхона иш бошлади
Бухоро вилояти Пешку туманида “Пешку агрокластер ёғ-мой” МЧЖ корхонаси иш бошлади. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳамда туман мутасаддилари, секторлар раҳбарлари, агрокластер маъмурияти, завод ишчи хизматчилари, жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов ва бошқалар пешкуликларни янги ишлаб чиқариш корхонаси билан табриклади. Унинг иқтисодий салоҳияти ва маҳаллий ишлаб чиқаришдаги улуши хусусида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда туманни ҳар томонлама тараққий эттириш мақсадида бир қатор ижтимоий-иқтисодий дастурлар қабул қилинди. Улар доирасида амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида Пешку саноатлашган, йилдан-йилга экспорт салоҳияти ошиб бораётган ҳудудлардан бирига айланмоқда. Бунга эса туманнинг бор имкониятларидан келиб чиқиб иш кўрилаётгани, ҳудуд иқлим шароити, аҳоли тажрибаси ва кўникмасига мос тармоқларни ривожлантиришга эътибор қаратилаётгани асос бўлмоқда.
Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Бухоро агрокластер” пахта-тўқимачилик кластерининг навбатдаги йирик лойиҳаси – “Пешку агрокластер ёғ-мой” ишлаб чиқариш корхонасининг фойдаланишга топширилгани ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади.
[gallery-9766]
Хусусан, “Бухоро агрокластер” МЧЖ томонидан жорий йил ҳудудий инвестиция дастури доирасида қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган замонавий “Ёғ-мой ишлаб чиқариш комплексини ташкил этиш” лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга мувофиқ мазкур кластер томонидан 3,2 миллион АҚШ доллари ҳамда Ҳукумат комиссияси кўмагида “Агробанк”нинг 10 миллиард сўм кредит маблағи ажратилган. Лойиҳа тўла қувватда ишга тушиши билан йилига 50 минг тонна чигитни қайта ишлаб, 11 минг тонна сифатли ёғ, 29 минг тонна шрот, 20 минг тонна шелуха ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмоқда. Қисқа қилиб айтганда, бунда йилига жами 12,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бюджетга 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ тушум қабул қилинади. Бундан ташқари, йилига 8,8 миллион АҚШ долларга тенг қийматда импорт қилинаётган ёғ маҳсулоти қисқартирилади.
Тантанада йиғилганлар заводда яратилган меҳнат шароитлари, янги цехлар ишлаб чиқариш салоҳияти билан таништирилди.
Айни пайтда Пешку туманида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шу орқали туманнинг иқтисодий имкониятларини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада бир қатор янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Яқин орада ҳудудда “Бухоро агрокластер” пахта-тўқимачилик кластери томонидан янги тикув ва тўқув фабрикаси иш бошлашини инобатга олсак, келгусида ҳудуднинг экспорт салоҳияти янада ошади.
Маълумот учун, Пешку тумани пахта тозалаш заводи негизида ўтган бир неча ойда барпо этилган мазкур корхона қиймати 4,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, корхона шарофати билан эндиликда 140 нафар маҳаллий фуқаро доимий иш билан таъминланмоқда. Зарур хом ашё – чигит омбори, тозалаш–пресслаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш цехлари, шунингдек, махсус лабораториясига эга корхона замонавий технология билан жиҳозланган. “Пешку агрокластер ёғ – мой” ҳудудда чорвачиликни ривожлантиришда ҳам ўз ўрнига эга бўлиши кутилмоқда. Бу ерда кунига 150 тонна чигитни қайта ишлаш имконияти мавжуд.
Зариф Комилов, ЎзА