Пенсия ва нафақалар миқдори ошди
Ҳар бир фуқаро ҳақ тўланадиган иш билан шуғулланишга ҳақли. Агарда у инсон жисмоний чекланганлиги ёки ёши сабабли ишлай олмаса нима қилиш керак?
Эҳтиёжманд инсонларга ёрдам кўрсатиш мамлакатнинг ички ҳолати баҳоланадиган муҳим ижтимоий ва иқтисодий кўрсаткичга айланиб улгурди. Масалан, маълум бир давлат бюджет ташкилотлари ходимларига ойлик иш ҳақи тўлашни, ёхуд меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга пенсия ва нафақалар беришни тўхтатса ёки бекор қилса, бу иқтисодчилар учун хавотирли белги ҳисобланади. Бу давлат ўзининг ижтимоий ва иқтисодий вазифаларини бажара олмаётганини англатади. Аксинча, агарда бундай тўловлар миқдори ўсиб борса, бу барқарорликдан далолатдир.
Масалан, Президентимизнинг жорий йил 17 августдаги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармонига биноан, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилади. Шу билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади. Айни дамда барча иш берувчиларга иш ҳақини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мувофиқ ошириш тавсия этилди.
Фармонда 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 822 000 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 270 000 сўм, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 289 000 сўм, ёшга доир энг кам пенсиялар – ойига 565 000 сўм деб белгиланди. 1 сентябрдан бошлаб болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга– ойига 622 000 сўм нафақа берилади. Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 440 000 сўмгача ошади. Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 623 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори – ойига 623 000 сўм бўлади.
1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 2 750 000 сўм этиб белгиланди.
Пенсия ва нафақалар меҳнатга лаёқатсиз айрим фуқаролар учун ягона даромад манбаи бўлиши мумкин. Бу пуллар уларнинг муносиб турмуш тарзини сақлаб қолишлари учун керак.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА