Пекинда Хитой ва Россия етакчилари нималарни муҳокама қилди?
Пекин шаҳридаги Халқ йиғинлари саройида ХХР раҳбари Си Цзиньпин ва РФ президенти Владимир Путин ўртасида олий даражадаги учрашув бўлиб ўтди. Ушбу мулоқотда томонлар ўзаро стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ҳамда глобал хавфсизлик масалаларини диққат марказига қўйишди.
Давлат раҳбарлари ўз чиқишларида дунё сиёсати “бебошлик ва қонунсизлик” даврига қайтиш хавфи борлигидан огоҳлантириб, ғарб давлатларининг бошқа мамлакатларга ўз иродасини мажбурлаб ўтказишга бўлган уринишлари муваффақиятсизликка учраганини таъкидладилар. Шунингдек, Си Цзиньпин халқаро майдондаги мураккаб вазиятларга, хусусан, АҚШ-Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддиятга тўхталиб, ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ва музокаралар столига қайтиш ўта муҳимлигини қайд этди.
Сиёсий баёнотлардан ташқари, музокараларнинг энг асосий ва амалий қисми энергетика соҳасидаги ҳамкорликка қаратилди. Ғарб санкциялари туфайли Европа бозоридан узилган Россия учун Хитой ҳозирда нефть ва газ сотиш бўйича энг асосий стратегик харидорга айланган.
Гарчи мулоқот доирасида иқтисодиёт, туризм ва таълим соҳаларини қамраб олувчи 40 га яқин келишувлар кўриб чиқилган бўлса-да, Москва учун энг устувор вазифа йўқотилган энергетика даромадларининг ўрнини қоплаш бўлиб қолмоқда. Бироқ кўпдан бери кутилаётган ва Россия гази экспортини кескин ошириши кўзда тутилган “Power of Siberia” газ қувури лойиҳаси бўйича якуний тўхтамга келинмади.
Кремль расмийларининг билдиришича, томонлар қувурнинг ўтиш йўналиши борасида умумий келишувга эришган бўлсалар-да, қурилиш ишларининг аниқ муддатлари ва режалари ҳозирча очиқ қолмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА