Пекин шаҳрида темурийлар даври тарихига бағишланган маъруза ташкил этилди
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё Пекин шаҳридаги Минзу университетида Марказий Осиёда темурийлар сулоласи тарихини ўрганишнинг долзарб масалаларига бағишланган маъруза қилди.
"Марказий Осиёда темурийлар сулоласи тарихини ўрганишнинг долзарб масалалари ва йўналишлари: Ўзбекистон илмий анъаналари ва манбалари" мавзусидаги маърузада Пекин шаҳридаги олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлар профессор-ўқитувчилари ва талабалари қатнашди.


Тадбир давомида Амир Темурнинг ўзбек халқи тарихи, миллий давлатчилик тараққиёти ҳамда жаҳон тарихида тутган ўрни ва беқиёс хизматларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, темурийлар даврига оид тарихий манбалар, уларнинг илмий қиймати, мазкур давр тарихини ўрганишдаги аҳамияти ва тадқиқ этилишининг бугунги ҳолати юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Маъруза якунида иштирокчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Савол-жавоблар давомида талабалар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан жавоблар олиб, темурийлар даври тарихига оид мавзуларни муҳокама қилиш имконига эга бўлди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА