
Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон Республикаси Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида таълим муассасалари педагоглари иштирокидаги аттестация синовлари бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, аттестация синовлари жорий йилнинг апрель-май ойларида ўтказилиши белгиланган. Қарор асосида педагогларни аттестациядан ўтказиш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан малака тоифасини бериш амалиёти такомиллаштирилиб, инсон омилисиз ўтказиладиган янги тизим жорий қилинди.
Январь-июнь ойларида 25 фан бўйича 17 минг 600 нафарга яқин педагог кадр аттестация синовида иштирок этиш учун ўз аризасини тақдим этган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, педагоглар аттестацияда навбатдаги мажбурий, навбатдан ташқари ва тўғридан-тўғри аттестация шаклида иштирок этишлари мумкин.
Тест синовлари тўлиқ якунлангандан кейин натижаси бўйича вазирлик томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, pedagog.uzedu.uz ягона электрон платформасида педагогларнинг шахсий кабинетига эгаллаган тоифалари ҳақида беш йил муддатга электрон сертификат юкланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Қораўзак тумани ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси Сайёра Муратбаева 96 балл, Амударё тумани ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси Сарвар Олламберганов 96 балл, ушбу тумандаги 40-мактаб ўқитувчиси Нурбек Жуманиёзов 94 балл, Шуманай тумани ихтисослаштирилган мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Бийбихон Сапарниязова 94 балл, Элликқалъа тумани 25-мактаб ўқитувчиси Ширин Раджапова 94 балл, Чимбой тумани ихтисослаштирилган мактабнинг ўқитувчиси Турсингул Утениязова 94 балл, Тўрткўл тумани 3-сонли умумий ўрта таълим мактабнинг ўқитувчиси Ислом Нуруллаев 94 балл, Беруний тумани 53-сонли умумий ўрта таълим мактабнинг ўқитувчиси Клара Қушатбоева 92 баллни эгаллаб олий тоифа эгаси бўлди.
[gallery-22912]
Шунингдек, Қўнғирот тумани 31-сонли умумий ўрта таълим мактабининг ўқитувчиси Ҳурлиман Кўптилешова 90 балл билан биринчи, Чимбой тумани 35-сонли умумий ўрта таълим мактабнинг ўқитувчиси Дурдона Караматдинова 90 балл билан иккинчи тоифа эгаси бўлди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.