Педагогик таълим сифати ошади
Вазирлар Маҳкамасининг “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятиини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиздаги барча педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари фаолияти тубдан янгиланади.
Педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш учун 2022 йил 1 сентябрга қадар таълим муассасалари ўртасида академик мобилликни йўлга қўйиш учун уларнинг ўқув режалари ва таълим дастурлари мувофиқлаштирилади.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълимда фойдаланиладиган дарсликлар ҳамда методик қўлланмаларни олий таълим муассасаларига уларнинг талабномасига мувофиқ тақдим этиш тартиби жорий этилади. Кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2-4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида, яъни дарсларнинг 4 куни олий таълим муассасасида, 2 куни мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташга йўналтирилади.
2023 йил 1 сентябрга қадар олий таълим муассасаларида замонавий ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланган физика, кимё, биология ва технологик таълим фанлари бўйича ўқув лабораториялари ташкил этилади.
2024 йил 1 январга қадар электрон ўқув дастурлар, дарсликлар, илмий-тадқиқот ишлари, мақолалар, тақдимотлар, мультимедиа таълим маҳсулотлари, маърузаларнинг аудио ва видео ёзувлари ҳамда бошқа контентлар “Олий таълим жараёнларини бошқариш” ахборот тизимида жойлаштирилади.
Ҳар йили педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари ихтисослик кафедраларининг камида 5 фоиз профессор-ўқитувчилари хорижий давлатларга танлов асосида малака ошириш ва стажировкага юборилади.
ЎзА