Пайариқдаги ҳолат юзасидан маълумот берилди
Кеча ижтимоий тармоқларда Пайариқ туманидаги шифохонада битта укол оқибатида бемор вафот этгани ҳақида видеолавҳалар тарқалди.
Ушбу хабарга аниқлик киритиш мақсадида Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилганимизда, ҳолат Пайариқ туманида 12 январь куни содир бўлгани, туманнинг Деварак қишлоғида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро хусусий клиникада даво муолажаси олаётганида аҳволи оғирлашганидан сўнг клиникада тиббий хизмат кўрсатган шифокорнинг шахсий автомашинасида соат 18.45 да туман тиббиёт бирлашмасининг Челак ҳудудий шифохонаси қабул бўлимига олиб борилганини маълум қилишди. Пайариқ тумани соғлиқни сақлаш бўлимининг маълумотномасида қайд этилишича, фуқаро тиббий кўриклардан ўтказилганда марказий ва периферик қон томирларда пулс аниқланмаган. Нафас олиш тўхтаган, қорачиқлар кенгайган. Беморда биологик ўлим қайд этилган.
Хусусий клиникада фаолият кўрсатган врач 2021 йилдан буён давлат шифохоналарида ишламаслиги қайд этилади.
Мазкур ҳолат юзасидан кеча Бош прокуратура матбуот хизмати берган хабарга кўра, ҳозир прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Марҳуманинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири