Пайариқда “рекорд” янгиланмади
Саккиз соат давом этган қабул чоғида вилоят ҳокими ҳамда вилоятдаги секторлар, бошқарма ва идоралар раҳбарлари 556 нафар фуқаронинг мурожаатини тингланди.
Хабар берганимиздек, 17 февраль куни Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида Пайариқ туманида навбатдаги сайёр қабулини ўтказди.
Саккиз соат давом этган қабул чоғида вилоят ҳокими ҳамда вилоятдаги секторлар, бошқарма ва идоралар раҳбарлари 556 нафар фуқаронинг мурожаатини тингланди.
Агар қонун талаби бўйича қарайдиган бўлса, бир иш куни (8 соат) сайёр қабулга бағишланди.
Албатта, мурожаатлар ўтган йилгидан (2019 йилнинг 19 февраль куни ўтказилган сайёр қабулда 600 дан ортиқ мурожаат қайд этилган ва бу вилоят бўйича энг юқори рақам эди) бироз кам. Лекин бошқа туман, шаҳарлардаги қабуллардаги рақамлар билан қиёслаганда барибир кўп.
Бу мазкур ҳудудда ечимини кутаётган муаммолар, камчиликлар кўплигидан далолат бериши баробарида туман мутасаддилари, вилоятдаги тегишли идоралар раҳбарларининг кўпроқ халқ орасида бўлиши, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиши зарурлигини кўрсатади. Буни вилоят ҳокими ҳам алоҳида қайд этди.
– Бугунги ҳар бир мурожаат, ҳар бир фуқаро ўртага ташлаган масала тегишли тартибда кўриб чиқилади ва ижроси қатъий назоратга олинади, – деди Э.Турдимов қабул сўнгида. – Лекин бу барча масала узил-кесил ҳал этилади, дегани эмас. Аслида сайёр қабулдан мақсад ҳам аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, жойлардаги реал вазиятдан хабардор бўлиш. Одамларни нима ташвишга солаяпти, энг долзарб муаммо нима – шуни аниқлаш ва уларга ечим топиш. Бу масалалар орасида қисқа вақтда ҳал этиладиганлари ҳам бор, вақт талаб қиладиган, тегишли дастурлар ишлаб чиқиладиган муаммолар ҳам мавжуд. Муҳими, бундай учрашувлардан сўнг ҳар бир раҳбар, мутасадди ўз фаолиятида қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиши кераклигини билиб олади, халққа хизмат қилиш халқ ичида бўлишни тақозо этишини англайди.