“Пахтакор”нинг миллий чемпионатдаги натижалари қандай?
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 2023 йилги мавсуми якунланганига ҳам бир ой бўлди. Мазкур чемпионатда Тошкентнинг “Пахтакор” футбол клуби 26 тур якунига кўра 53 очко жамғарган ҳолда ғолиб бўлди. Албатта, ушбу чемпионлик клуб учун ўз тарихидаги ўн олтинчиси бўлди.
Бу йилги Суперлига ғолиблиги йўлида “Пахтакор” клуби томонидан эришилган айрим натижаларга ва рақамларга эътибор қаратмоқчимиз.
“Пахтакор” 26 тур давомида жами 16 маротаба ғалаба қозонди ва 5 тадан дуранг ҳамда мағлубият қайд этди. Ушбу ўйинларда 41 маротаба рақиб дарвозасини ишғол этди ва 25 марта ўз дарвозасидан тўпни олиб чиқди. Тошкент жамоаси бу йилги мавсумда “Насаф”, “Нефтчи” ва “Андижон” жамоалари устидан ғалаба қозона олмади. Аниқроғи, “Насаф” билан икки бора дуранг ўйнаган бўлса, “Нефтчи”га икки бора мағлубиятга учради. “Андижон” билан эса битта дуранг ва мағлубият қайд этди.

“Пахтакор” 2023 йилдаги расмий учрашувларда 58 бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. Шундан 57 та гол жамоа футболчилари томонидан урилди, бир тўпни рақиб ўйинчиси ўз дарвозасига киритиб қўйди. Шу тариқа, “шерлар” мавсумни якунлади.
Ушбу мавсумдаги ғалабадан сўнг “Пахтакор” чемпионатларнинг умумий жадвалида таъқибчилардан янада илгарилаб кетди.
Жумладан, жамоа миллий чемпионатда жами 932 ўйинда майдонга тушган бўлиб, 635 ғалаба, 152 дуранг ва 145 мағлубият қайд этган ҳолда 2057 очко жамғарган. Рақиб дарвозасига умумий 2073 гол урилиб, 779 тўп ўтказиб юборилган. “Шерлар” энг кўп ғалаба қозонган, энг кўп тўп киритган ва энг кўп очко жамғарган ҳолда етакчиликни янада мустаҳкамлаб олди. Бир ўйинда ўртача 2,2 очкога эга чиқилган. Бу борада кейинги поғонада бораётган “Нефтчи” билан ўртадаги фарқ катталашмоқда. Жамоа фарғоналикларга нисбатан 143 та кўпроқ зафар қучиб, 442 та кўпроқ гол уришга эришган. Очколар фарқи эса 435 тага етди. Бу рақамлар ҳар бир мавсумдаги учрашувларда ўзгариб бориши барчамизга маълум.

Ўзбекистон Суперлигасининг бу йилги мавсумида “Пахтакор” сафида тўп тепаётган Драган Черан 13 рақиб дарвозасини ишғол қилди ва мусобақа тўпурарига айланди. Драган мавсумда жами 17 гол муаллифи бўлди. Тошкент клубида Черандан кейин Азиз Турғунбоев 9 гол билан иккинчи тўпурарликка эришди. Бир давра ўйнаган бўлсада, Ҳожимат Эркинов 7 тўп киритди.
Жамоанинг сербиялик легионери Драган Черан Ўзбекистон чемпионати рекордларини ўрнатишда давом этмоқда. У кетма-кет ва умуман беш мавсум тўпурарликка эришган биринчи ўйинчига айланди. Шу тариқа Черан бу борада ўзининг рекордини янгилаб қўйди. “Пахтакор” таркибида Драган Суперлигада ҳозирча 136 ўйинда 96 гол муаллифига айланди. “Шерлар” учун урган жами голлари сони 120 тага етди. Ўзбекистон чемпионатида эса Черан жами 130 гол муаллифига айланиб улгурди.

Якунига етган мавсумда қанот ҳимоячилари ҳам ўзларининг голли узатмалари орқали мухлисларга қувонч улашди. “Пахтакор” сафида Фаррух Сайфиев Суперлигада 8, Ҳожиакбар Алижонов эса 7 марта голли узатмалар муаллифига айланди. Ф.Сайфиев нафақат “Пахтакор”, балки Суперлиганинг энг яхши ассистенти бўлди. Шунингдек, Дилшод Саитов ҳам барча мусобақаларда 6 бор шерикларига гол уришда сўнгги узатма билан кўмаклашганини таъкидлаб ўтмасак бўлмайди.
Шунингдек, “Пахтакор” ёшлар жамоаси мамлакат чемпионатида ғолиб бўлди ва ўз тарихида тўққизинчи бор чемпионликка эришди. Бунгача “Пахтакор” 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2010, 2012 ва 2018 йилларда U-21 лигасида мавсумни энг юқори поғонада якунлаганди. Ушбу кўрсаткич бўйича ҳам “Пахтакор” рекордчи саналиб, 7 чемпионликка эга “Нефтчи” билан фарқни катталаштирди.
Мавсумни барқарор ўтказган “Пахтакор” ёшлар жамоаси 5 йиллик танаффусдан кейин яна лиганинг энг кучли жамоаси номини ўзига қайтариб олди. Ушбу муваффақият қўлга киритилишида клуб раҳбариятидан тортиб академия ходимларининг хизматларигача эътироф этиб ўтиш лозим. Олим Шокиров ва Ойбек Усмонхўжаев бошчилигидаги жамоа мавсумни ажойиб нотада якунлади.
Ҳа, “Пахтакор” клуби бу йилги мавсумда миллий чемпионатни ана шундай натижалар билан якунлади. “Пахтакор” Ўзбекистоннинг энг кўп совринга эга чиққан жамоаси саналади. Клубнинг умумий совринлари сони 33 тани ташкил этмоқда.

Клуб матбуот хизматининг хабарига кўра, Максим Шацких қўл остидаги “Пахтакор” клуби аъзолари 10 январга қадар ҳордиқ чиқаради. Ҳозирда жамоа футболчилари Сречко Катанец бошчилигида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида БААдаги машғулотларда иштирок этмоқда.
Футболчилар 28 декабрга қадар МТЖ ихтиёрида бўлади. Кейин 26 футболчидан иборат рўйхат маълум бўлгач, шунга қараб Осиё кубогига йўл олади.
Клуб бош мураббийи Максим Шацких одатга кўра Туркияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказишни режа қилган. Хориждаги дастлабки йиғин МТЖ футболчиларисиз ўтади. Сабаби футболчилар Қатар яшил майдонларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладилар.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА