“Пахтакор”га қайтгай оққушлар
1979 йил 11 август. Бу сана мамлакатимиз футбол ишқибозлари қалбида абадий муҳрланиб қолган. Худди шу қаро кунда ўзбек футболининг орзулари — “Пахтакор” футбол жамоаси аъзолари самоларга сочилиб кетган эди.
Ўша куни Тошкент-Минск йўналиши бўйича учаётган Ту-134А самолёти Челябинск-Кишинёв йўналиши бўйича учаётган Ту-134А самолёти билан тўқнашиб Днепродзержинск шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Йўловчилар, экипаж аъзолари ҳамда олий лига “Пахтакор” мастерлар жамоасининг аъзолари ҳалок бўлди.
Идгай Тазетдинов (мураббий), Владимир Чумаков (шифокор), Мансур Толибжонов (маъмур), Михаил Ан (ярим ҳимоячи), Владимир Фёдоров (ҳужумчи), Олим Аширов (ҳимоячи), Равиль Агишев (ҳимоячи), Константин Баканов (ярим ҳимоячи), Юрий Загуменних (ҳимоячи), Александр Корчёнов (ярим ҳимоячи), Николай Куликов (ҳимоячи), Владимир Макаров (ярим ҳимоячи), Сергей Покатилов (дарвозабон), Виктор Чуркин (ҳужумчи), Сирожиддин Бозоров (ҳужумчи), Шуҳрат Эшбўтаев (ҳужумчи), Владимир Собиров (ҳужумчи). Уларни хотирлаймиз, қадрлаймиз, уларнинг маҳорати билан ғурурланамиз.

Ўтганларни ёд этиш, порлоқ хотирасига ҳурмат бажо келтириш азалий қадриятларимиздан бири саналади. Ўзбек футболи ривожига муносиб ҳисса қўшган марҳум пахтакорчилар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг инсоний хислатларини ёшлар қалбига муҳрлаш борасида мамлакатимизда эътиборли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистоннинг қатор шаҳар ва маҳаллаларидаги кўчалар марҳум футболчиларимизнинг номлари билан юритилади. Ҳар йили улар хотирасига бағишланган футбол мусобақалари, турли учрашувлар ўтказилмоқда.
“Пахтакор”нинг мухлиси эдик у дамлар. Бугунги авлод футболчилари маҳорат бобида ҳам, инсонийлик борасида ҳам улардан ўрнак олса арзийди. Аслида, муваффақият, омад – содда, беғубор, меҳнаткаш инсонларга кулиб боқиши ҳам балки шундандир. Уларни мухлислар яхши кўрарди. Уларни халқ ҳали-ҳамон беқиёс эҳтиром билан қалб қўрида асраб келмоқда.
Бугун, 11 август осмонларга сочилиб кетган пахтакорчиларимиз мангу ором топган пойтахтимиздаги “Боткина” қабристонига юртимизнинг турли гўшаларидан келувчилар, уларнинг рамзий қабрларини зиёрат қилувчилар кўпчилик.
Самоларга оққушлар мисол учиб кетган футболчиларимизнинг бугун муносиб издошлари борлигидан кўнгил бироз таскин топади. Ўзбек футболининг шонли анъаналари давом этмоқда. Ёшлар, ўсмирлар терма жамоаларимизнинг қитъа ва жаҳон чемпионатларидаги муносиб ўйинлари ўша пахтакорчилар соғинчини ҳис қилишга умид бермоқда.

Юракларни ўртагувчи хотиралар китоби варақланганда 44 йиллик армонлар, изтироблар диллардан тилларга кўчиши тайин. Улар ўзбек футболининг оппоқ орзулари эди. Бугун хориж футбол майдонларида Ўзбекистон футболининг юзи, сўзи, шижоати бўлиб бўй кўрсатаётганлар эртага албатта, дунё футболининг ҳақиқий усталари бўлиб етишишига ишонгимиз келаверади.
“Пахтакор-79”нинг издошлари бўлган бугунги футболчиларимиз давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “дунё кезади, чет эл жамоаларида ўйнайди. Улар Ўзбекистон тарихини яхши билиши керак. Улар бизнинг элчиларимиз”. Дарҳақиқат шундай. Бугун спортчилар, футболчиларимизга яратилган шароитлар туфайли уларга кенг имкониятлар эшиги очиб берилди. Етакчи спорт ва футбол клубларида ўз ўринларини топишида амалий кўмак кўрсатилмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА