Пахтакордаги муаммолар қачон ўз ечимини топади?
Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев Пахтакор туманидаги аҳоли яшайдиган кўпқаватли уйлар ва туман марказидаги маҳаллаларни кўздан кечирди.
Дастлаб “Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп қаватли уйлар ва уларда яшаётган фуқароларнинг шароити, кайфияти билан қизиқилди.
Ушбу маҳалланинг шундоққина ёнгинасидан катта канал ўтган, аммо шунга қарамай, уйлар олдида хунук манзара– ҳамма нарса қуриб ётибди. Ачинарлиси, аҳоли уйлари олди абгор ҳолатда.
Бу борада масъуллар билан учрашувда вилоят раҳбари Улуғбек Мустафоев қисқа фурсатларда муаммоларни ҳал этиш ва ҳудудда боғ яратиб, ерлардан унумли фойдаланиш бўйича мутасаддилар зиммасига аниқ топшириқ ва вазифалар юклади.

Кейинги ўрганиш манзили туман “Истироҳат боғи” бўлиб, туман марказида жойлашган ушбу боғнинг бугунги кўриниши ҳам ачинарли ҳолатга келиб қолган.Йўлаклар йўқлиги, ёритиш воситаларининг тўлиғича ишламаслиги, чиқиндиларга тўла ариқлар, ҳудудда аҳоли дам олиши учун шароитнинг йўқлиги вилоят раҳбари томонидан жиддий танқид остига олинди.
“Истироҳат боғи” ёнида жойлашган “Дўстлик” МФЙга борган вилоят раҳбари бу ердаги аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бирин-кетин санаб ўтар экан, секторлар раҳбарлари ҳамда масъуллар ўз ишига лоқайд бўлганлигини таъкидлади.
Туман аҳолисини қийнаётган муаммолардан бири чиқинди сувларининг чиқиб ётиши ҳамда ундан тарқалаётган бадбуй ҳид ва бу тизимнинг ишламаслигидир. Вилоят ҳокими аҳолини қийнаётган бу муаммоларни бартараф этишнинг асосий ечими – “Ғалаба” МФЙ ҳудудида барпо қилиниши режалаштирилган сув тозалаш иншооти қурилишида ишни тўғри ташкил этиш эканини таъкидлаб, бу борадаги камчиликларни қайд этиб, ишларни жонлантириш борасида ўз таклиф ва тавсияларини берди.

Шунингдек, туман марказидаги “Тошкент”, “Ғалаба” ва “Дўстлик” МФЙлардаги барак типида қурилган уйлар бузилган, лекин айни пайтда улар ўз ҳолига ташлаб қуйилган. Бунинг натижасида вужудга келган муаммолар талайгина. Ушбу бузилган уйлар ўрнига замонавий 5-7 кўпқаватли уйларни қуриш, инфратузилмани яхшилаш, мактаб, боғча, тиббиёт муассасаларини қуришга хусусий секторни жалб этиш бўйича ишларни ташкиллаштириш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Ўрганишлар давомида марказий кўчаларни ободонлаштириш, ёритиш тизимларида замонавий тежамкор технологиялар жорий этиш, пиёдалар ўтиш жойларида хавфсизликни кучайтириш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш марказларини тартибга келтириб, турли хил кўринишдаги ташқи рекламаларни тўғрилаш, транспорт хизматига эътибор қаратиш бўйича ҳам муаммолар анчагина эканлиги қайд этилди.Туман ҳокими ва соҳа мутасаддилари зиммасига бу муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар юкланди.
Пахтакор тумани ҳокими Асилбек Ашуров ўрганишлар жараёнида вилоят раҳбари томонидан танқид остига олинган муаммо ва камчиликлар тез орада бартараф этилишига ваъда берди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари