“Пахтакор”да тулпорлар рақси
Шу кунларда пойтахтимиздаги “Пахтакор” стадионида поло спорти бўйича Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Мустақиллик кубоги” турнири ва қорабайир зотли отларнинг биринчи миллий фестивали ўтказилмоқда.
Кеча 8 та поло жамоаси ўртасида кечган саралаш баҳсларида Ўзбекистон темир йўллари, Миллий гвардия, Нествон ва Чегарачилар поло клублари рақибларини мағлуб этиб, ярим финал босқичига йўл олган эди.
Бугун “Мустақиллик кубоги”нинг тантанали очилиш маросими ва ярим финал баҳслари ўтказилди.
Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий гвардия ва Республика йилқичилик, от спорт турлари ва поло федерацияси мутасаддилари кейинги йилларда юртимизда баркамол авлодни тарбиялаш, замонавий спорт турларини ривожлантириш орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг самараси ўлароқ от спорти турларини оммалаштиришга берилаётган эътиборни алоҳида таъкидлади. Мусобақаларда ғолиблик учун курашаётган жамоаларга омад тилади.
Тадбирда Миллий гвардия, Чегара қўшинлари тизимидаги от спорти клубларининг чиқишлари, тулпорлар ижросидаги жозибали ҳатти-ҳаракатлар кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди. Айниқса, қорабайир зотли отларнинг биринчи миллий фестивали ҳар жиҳатдан кўнгилларга завқ улашди.

- Қорабайир зотли тулпорлар ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган асл отларнинг ноёб авлоди. Бу тулпорларнинг аждодлари ўз вақтида Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Бобурдек улуғ бобокалонларимизга хизмат қилган. Уларнинг доимий ҳамроҳи бўлган. Бу бебаҳо отлар авлодини асраб-авайлаб келган халқимизнинг жасорати ва миллий анъаналаримизга содиқлиги натижасида уларнинг авлодлари бўлган бугунги қорабайирлар бизгача етиб келди. Мана масалан, қорабайир зотли отлар фестивалида қатнашган “Конкур” отининг аждоди 1916 йилдан бери Жиззахда парваришланган. Бу ўзига хос анъананинг Тошкент, Қашқадарё, Фарғона вилоятларида ҳам кўз қорачиғидек асраб келинганлиги бўйича етарли фактлар бор. Ҳозирда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли қорабайир наслчилик мажмуасида 300 дан ошиқ отлар парваришланмоқда. 2019 йил ушбу хўжаликни ташкил этганимизда бор-йўғи 40 атрофида тулпорлар бор эди, - дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Зафар Жуманиёзов.
Мусобақа ўтказиладиган майдоннинг халқаро талаблар даражасида жиҳозланганлиги, баҳслар жараёнида “Юртимиз тулпорлари” фото кўргазмаси ташкил этилганлиги байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.
- От спортига давлатимиз томонидан алоҳида эътибор берилиши, тегишли қарор ва дастурлар ишлаб чиқилиши соҳа ривожига жуда катта туртки берди. Қисқа фурсатда юртимиз спортчилари от спортининг турли йўналишларида ютуқларни қўлга кирита бошлади. Жорий йил давомида конкур бўйича Россия, Қозоғистон каби давлатларда ўтган турнирларда спортчиларимиз ғолибликка эришди, совринли бўлди. Поло спортининг ривожи борасида мана шундай мусобақаларнинг ташкил этилиши эса сўзсиз яқин келажакда ушбу йўналишда ҳам халқаро спорт майдонларида ютуқларга эришамиз, деганидир. Чунки, жаҳон майдонларидаги ғалабалар ички турнирлар, мусобақалар ўтказиш, ёш чавандозларни камолга етказиш орқали қўлга киритилади,-дейди от спорти мутахассиси Шамил Давлетханов.
Поло баҳсларининг ярим финал мусобақаларида Ўзбекистон темир йўллари жамоаси Миллий гвардияни 14:2 ҳисобида мағлуб этди. Иккинчи ярим финал мусобақасида Чегарачилар поло клуби Нествон жамоасига имкон қолдирмади ва 6:1 ҳисобида финал йўлланмасини қўлга киритди. Энди улар эртанги финал “дуэли”да Ўзбекистон темир йўллари жамоаси билан “Мустақиллик кубоги” соҳибини аниқлашади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА