“Пахтакор” яхши ўйин кўрсата олмаяпти...
Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати Суперлигаси 19-туридан ўрин олган 7 учрашувнинг бўлиб ўтган 5 таси кутилмаган натижалар билан якунига етди.
“Турон” (Яйпан) – “Нефтчи” (Фарғона) ҳамда “Бухоро” (Бухоро) – “Олипик” (Тошкент) баҳслари 23 ёшгача бўлган футболчилардан ташкил топган Темур Кападзе бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Хитойда ўтаётган Осиё ўйинларида иштирок этаётганлиги сабабли кейинроқ муддатга қолдирилиб, бу учрашувлар жорий йилнинг 9 ва 10 ноябрь кунларига белгиланди.

Ушбу турда Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси ўз майдонида Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони, турнир жадвали якка пешқадами, пойтахтнинг “Пахтакор” клубини қабул қилди.
Пахтакор” ўйинни тактик ҳужумлар билан, майдон эгалари эса тезкор қарши ҳужумларга таяниб тўп сурди. Ана шундай қарши ҳужумлардан бирида жиззахликлар сардори Жавоҳир Қаҳрамонов жамоадоши Самандаржон Мавлонқуловнинг “Пахтакор” посбони Санжар Қувватов билан бирга-бир вазиятга чиқишини таъминлади. Аммо Самандаржон берган зарбани меҳмонлар посбони оёғи билан майдон ташқарисига чиқариб юбориб, жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди.

Ўйиннинг 41-дақиқасида “Сўғдиёна” яна бир хавфли ва тезкор қарши ҳужум ташкил этди. Бу сафар мезбонлар легионери Люпче Дориев узун тўп узатмаси билан иқтидорли ёш ҳужумчи Самандаржон Мавлонқуловнинг рақиб дарвозабони билан яна бир бор яккама-якка чиқишини таъминлади. Самандаржоннинг бу сафарги чап оёқда берган кучли зарбасини тошкентликлар посбони қайтара олмади – 1:0.
Биринчи бўлим шу тариқа поёнига етди.
Ўйиннинг 2-бўлимида “Пахтакор” босимни янада оширди. Майдон эгаларида эса тезкор қарши ҳужумда иккинчи гол киритиш учун бир қатор вазиятлар юзага келди.Айниқса, меҳмонлар жарима майдони яқингинасида ҳимоячи ва дарвозабон ўртасидаги тушунмовчиликдан фойдаланиб, “Сўғдиёна” футболчиси Жавоҳир Қаҳрамонов тўпни олиб қўйди ва 100 фоизлик гол киритиш имкониятини чиппака чиқарди.

Учрашув бош ҳакамми Аҳрол Рисқуллаев томонидан ўйинга 8 дақиқа қўшиб берилди. 90+5-дақиқада у мезбонлар жарима майдонида жиззахликлар таркибида захирадан майдонга туширилган Санжар Шоаҳмедов рақибига нисбатан ўйин қоидасини бузган деб топди ва “Сўғдиёна” дарвозаси томон VARни кўрмай ҳам пеналти белгилади. Тошкентлик Пўлатхўжа Холдорхонов зарбани аниқ бажариб, ҳисобни тенглаштирди – 1:1.
Мақолага шу ерда “Ўйинда жанговар дуранг қайд этилди” деб якун ясашим мумкин эди (Пенальти ҳакам томонидан тўғри ёки нотўғри белгиланганига аниқлик киритиб, унинг ҳаракатига баҳо бериш эса мутахассисларнинг эътиборига ҳавола).

Аммо футболдаги пенальти тепиш қоидаларини қисман бўлсада ёдга олиб ўтмасак, адолатдан бўлмаса керак.
Футболда пенальти тепиш қоидасига кўра, 11 метрлик жарима зарбасини бажараётган футболчи тўпга зарба бермасдан аввал ҳужум қилаётган жамоанинг бошқа бир ёки бир неча ўйинчилари ҳимояланаётган жамоа жарима майдонига зарбага қадар кириб кетган ҳолатда гол киритилса, пенальти қайтадан тепилиши талаб этилиши қайд этилган.
Ушбу вазиятда “Пахтакор” футболчиси Пўлатхўжа Холдорхонов тўпга зарба бериб улгурмай, мезбонлар жарима майдонига ҳужум қилаётган жамоа – “Пахтакор”нинг 7-рақамли футболчиси Одилжон Ҳамробеков ҳамда 3-рақамли ўйинчиси Ҳожиакбар Алижонов, тўпга зарба берилмай туриб рақиб жарима майдонига кириб кетди. Бош ҳакам Аҳрол Рисқуллаев(унинг ёрдамчиси ҳам)буни кўрмаслиги мумкин эмас эди. Хулоса ўзингиздан.

Хуллас, “Сўғдиёна” – “Пахтакор” ўйинида меҳмонлар сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутилиб қолди. Лекин тошкентликлар кетма-кет тўртинчи йилдирки, Жиззахдан уйларига ғалабасиз қайтишларига тўғри келмоқда.
Максим Шацких жамоасининг кейинги рақиби – Осиё чемпионлар лигасида ҳам, мамлакатимиз чемпионатида ҳам мағлуб бўлиб, ғазабга тўлиб турган Олмалиқнинг ОКМК клуби. “Пахтакор”га бу сафар “Сўғдиёна” билан ўтган баҳсдан ҳам қийинроқ бўлиши шубҳасиз.
Шу куни Қаршида “Насаф” ва Тошкентнинг “Бунёдкор” клублари ўртасидаги баҳс ҳам кескинлиги жиҳатидан Жиззахдаги ўйиндан асло қолишмади.

ОЧЛда барча мухлисларини хурсанд қилиб келган Рўзиқул Бердиев шогирдлари, “Буёдкор”дан 87-дақиқада гол ўтказиб юбориб, чемпионлик сари яна бир қадам ортга чекинди. “Насаф” – “Бунёдкор” якуний ҳисоб 0:1.
Худди шундай тисарилишни чемпионликка асосий даъвогар сифатида қаралаётган Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ҳам қайд этди. Самвел Бабаян бошчилигидаги наманганликлар Андижонда маҳаллий “Андижон” клубига 2:1 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Ушбу турдаги яна бир учрашувда Термиздаги стадион тайёр бўлмаганлиги сабабли бир неча йилдан буён уй учрашувларини Тошкентда ўтказаётган “Сурхон” кутилмаганда чемпионат “аутсайдери” Навоийнинг “Қизилқум” жамоасига 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
Жиззахдан бир амаллаб 1 очко олиб кетган “Пахтакор” 42 очко билан чемпионлик сари тобора яқинлашмоқда. Лекин “Пахтакор”ни чемпионликка хос ва мос ўйин намойиш этаяпти, деб бўлмайди. Пойтахт жамоаси шу ўйини билан балки Ўзбекистонда бу йил ҳам амаллаб чемпион бўлар, аммо Максим Шацких ва жамоа раҳбарияти жамоа ўйини билан жиддийроқ шуғулланмаса, ОЧЛ баҳсларидаги учрашувларда ўзбек футболи нуфузини, қолаверса, шарафли “Пахтакор” номи довруғини тушириб юбориши ҳеч гап эмас.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири.