"Пахтакор" учун Осиё эшиги: ғалаба — Элитага, мағлубият — иккинчи турнирга
Бугун, 11-август куни Тошкентда Осиё клуб футболи нуқтаи назаридан муҳим учрашув бўлиб ўтади. "Пахтакор" клуби ОФК Чемпионлар Лигаси Элитанинг саралаш босқичида Иорданиянинг "Ал-Ҳуссайн" жамоасини қабул қилади. Бир ўйин натижаси жамоаларнинг 2026/27 йилги мавсумни Осиёнинг қайси даражадаги клуб мусобақасида давом эттиришини ҳал қилади.
Бу оддий саралаш учрашуви эмас. Бир ўйин натижаси жамоаларнинг 2026/27 йилги мавсумни Осиёнинг қайси даражадаги клуб мусобақасида давом эттиришини ҳал қилади.
Учрашув Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида ўтказилади. Учрашув соат 20:00да старт олади. Томонлар аввал ўзаро тўқнаш келмаган ва бу “Пахтакор” ҳамда “Ал-Ҳуссайн” тарихидаги илк учрашув бўлади.
“Пахтакор” ютса нима бўлади?
Жавоб оддий — “Пахтакор” ОФК Чемпионлар Элит Лигаси мусобақасининг асосий — Лига босқичига йўл олади.
2026/27 йилги мавсумдан Осиёнинг энг нуфузли клуб мусобақаси кенгайтирилди ва Лига босқичида 32 та клуб иштирок этади. Саралашнинг ҳал қилувчи босқичида ғалаба қозонган жамоалар тўғридан-тўғри ана шу 32 клуб қаторига қўшилади.
Демак, “Ал-Ҳуссайн” устидан ғалаба “Пахтакор”га Осиёнинг энг кучли клублари билан бир турнирда курашиш ҳуқуқини беради.
Бундан ташқари, ғалаба молиявий, рейтинг ва нуфуз нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга. “Пахтакор” яна Осиёнинг биринчи рақамли клуб мусобақасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Мағлуб бўлса-чи?
“Пахтакор” учун Осиё мавсуми тугамайди.
ОФКнинг 2026/27 йилги мусобақа регламентига кўра, Чемпионлар Элит Лигаси саралаш босқичида мағлуб бўлган клуб мусобақадан чиқиб кетади, аммо ОФК Чемпионлар Лигаси 2 гуруҳ босқичига ўтказилади.
Яъни:
Ғалаба — ОФК Чемпионлар Элит Лигаси.
Мағлубият — ОФК Чемпионлар Лигаси 2.
Шу жиҳатдан “Пахтакор” ҳар қандай ҳолатда ҳам кузда Осиё майдонларида иштирокини давом эттиради. Аммо бугунги баҳс қайси даражада иштирок этишини белгилаб беради.
Рақиб — Иордания чемпиони
“Ал-Ҳуссайн”ни кам баҳолаш катта хато бўлиши мумкин.
Ирбид клуби сўнгги йилларда Иордания футболида катта кучга айланди. Жамоа 2025/26 йилги мавсумда мамлакат чемпионлиги ва кубогини қўлга киритиб, “дубл” қайд этди. Шу билан бирга, “Ал-Ҳуссайн” Иордания чемпионлигини кетма-кет учинчи марта қўлга киритди.
Жамоа Осиё майдонида ҳам тажриба тўплаб улгурган. “Ал-Ҳуссайн” 2025/26 йилги ОФК Чемпионлар Лигаси 2да чорак финалгача етиб борди ва бу босқичда Қатарнинг “Ал-Аҳли” клубига 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Эътиборлиси, иорданияликлар ўзбек клубларига қарши қандай ўйнашни ҳам билади.
Ўзбекистон — Иордания клублари: тарих ким томонда?
ОФК клуб мусобақалари тарихида Ўзбекистон ва Иордания клублари ўртасида ҳозиргача аниқланган 7 та учрашув ўтказилган.
Умумий статистикада Ўзбекистон клублари ҳали ҳам устун:
7 ўйин — Ўзбекистон клубларида 3 ғалаба, 2 дуранг ва 2 мағлубият. Тўплар нисбати — 13:8.
Бу тарихнинг асосий қисми “Насаф” иштирокида ёзилган.
2011-йилги ОФК Кубоги ярим финалида “Насаф” Иорданиянинг “Ал-Веҳдат” клубига қарши икки марта майдонга тушган. Қаршидаги биринчи баҳсда “Насаф” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган, Аммандаги жавоб учрашуви 1:1 ҳисобида якунланган. Натижада “Насаф” 2:1 умумий ҳисоб билан финалга чиқиб, кейинчалик мусобақа ғолибига айланган.
2018-йилда эса “Насаф” Осиё Чемпионлар Лигаси плей-оффида Иорданиянинг яна бир машҳур клуби — “Ал-Файсали”ни Қаршида 5:1 ҳисобида тор-мор этди ва гуруҳ босқичига йўл олди.
2022-йилги Осиё Чемпионлар Лигасида “Насаф” ва “Ал-Веҳдат” яна бир гуруҳдан жой олди. Биринчи ўйинда қаршиликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Иккинчи учрашув 2:2 ҳисобида якунланди. Ана шу дуранг “Насаф”га ўз тарихида илк бор Осиё Чемпионлар Лигасининг нимчорак финалига чиқиш имконини берди.
Аммо сўнгги икки Ўзбекистон — Иордания клублари тўқнашуви биз учун омадсиз кечган
2024/25 йилги ОФК Чемпионлар Лигаси 2 гуруҳ босқичида айнан бугунги “Пахтакор” рақиби — “Ал-Ҳуссайн” “Насаф” билан икки марта ўйнади.
Ирбидда — “Ал-Ҳуссайн” 2:1 “Насаф”.
Қаршида — “Насаф” 1:2 “Ал-Ҳуссайн”.
Шу тариқа Иордания клуби Ўзбекистоннинг амалдаги чемпионларидан бирини икки учрашувда ҳам бир хил ҳисобда мағлуб этган.
Ўзаро учрашувлар:
2011 — "Насаф" 1:0 "Ал-Веҳдат"
2011 — "Ал-Веҳдат" 1:1 "Насаф"
2018 — "Насаф" 5:1 "Ал-Файсали"
2022 — "Насаф" 2:0 "Ал-Веҳдат"
2022 — "Ал-Веҳдат" 2:2 "Насаф"
2024 — "Ал-Ҳуссайн" 2:1 "Насаф"
2024 — "Насаф" 1:2 "Ал-Ҳуссайн"
Жами: 7 ўйин.
Ўзбекистон клублари — 3 ғалаба.
Иордания клублари — 2 ғалаба.
Дуранг — 2 та.
Тўплар нисбати — 13:8, Ўзбекистон клублари фойдасига.
Энди навбат "Пахтакор"га
Статистика Ўзбекистон клубларининг Иордания вакилларига қарши умумий устунлигини кўрсатади. Аммо энг сўнгги икки тўқнашувнинг ҳар иккиси айнан "Ал-Ҳуссайн" фойдасига ҳал бўлгани бугунги баҳс олдидан жиддий огоҳлантиришдир.
Бундан ташқари, "Ал-Ҳуссайн"нинг ўзи ҳам илк бор ОФК Чемпионлар Элит Лигаси асосий босқичига чиқиш имконияти учун курашмоқда. Иордания томони ҳам бу учрашувни тарихий баҳс сифатида баҳоламоқда.
"Пахтакор" эса ўз майдонида ўйнайди. Саралаш бир ўйиндан иборат ва хатони кейинги баҳсда тўғрилаш имконияти йўқ. ОФК регламентига кўра, бу босқичда ҳар бир жуфтлик ғолиби битта учрашув орқали аниқланади. Шунинг учун бугун Тошкентдаги 90 дақиқа "Пахтакор"нинг бутун Осиё мавсуми мақомини белгилайди.
Улуғбек Хошимов, ЎзА