"Пахтакор" сафарда дуранг қайд этди
Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг 5-турида пойтахтимизнинг "Пахтакор" клуби сафарда Эроннинг "Истиқлол" жамоасига қарши майдонга тушди.
Тенг курашлар остида ўтган ушбу ўйинда ҳисоб очилмади. Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, "Пахтакор"нинг собиқ аъзоси Жалолиддин Машарипов мезбонлар тарикибида тўлиқ ҳаракат қилди.
Шунингдек, ушбу турда "Ал-Айн" ўз майдонида "Ал-Аҳли"га 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган бўлса, "Ал-Гарафа" ва "Ал-Наср" учрашуви 1:3 ҳисобида якунланди. "Ал-Райян" жамоаси эса "Персеполис" билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Бугун, 26 ноябрь куни "Ал-Шорта" - "Ал-Васл", "Ал-Садд" - "Ал-Ҳилол" жамоалари бешинчи тур доирасида ўзаро рақобатлашади.
Маълумот ўрнида: мусобақада "Ал-Аҳли" 15, "Ал-Наср" 13 ва "Ал-Ҳилол" 12 очко билан айни дамда кучли учликдан жой олган. Агар бугунги баҳсда "Ал-Ҳилол" зафар қучса, очколарини 15 тага етказган ҳолда карвонбошига айланиши мумкин. "Пахтакор" эса 3 очко билан 10 поғонада бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА